Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати аёлларнинг уйдан чиқаётганда ҳижоб ўрашини мажбурий қилиб қўйди ва бу кийим элементи учун энг яхши вариантни бурқа — аёлнинг боши ва танасини тўлиқ яширадиган, кўзлари атрофида тўр билан ўралган кийим деб атади. Мазкур талаб 7 майда эълон қилинган муваққат ҳукуматнинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги фармонида қайд этилган, деб ёзади Tolonews.

«Ҳижобни қонунийлаштириш режаси» деб номланган фармонда, шунингдек, аёлларга зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Фармон тарғиботини ОАВ ва масжидлар олиб бориши керак, одамлар гавжум жойларда эса бу талаб баннерлар орқали эълон қилинади. Ҳижоб ўраш рағбатлантириш ва жазо йўли билан жорий қилинади, уни амалга ошириш учун жавобгарлик аёлга ҳам, унга масъул бўлган эркакка ҳам юкланади.

Маълумотда таъкидланишича, агар аёл ҳижобсиз бўлса, унинг уйи аниқланади ва унга масъул бўлган эркак (ота, ука ёки турмуш ўртоғи) маслаҳат ва огоҳлантириш олади. Агар шундан кейин ҳам талабга риоя этилмаса, эркак масъул органларга олиб кетилади, яна такрорланса — уч суткага ҳибсга олинади. Агар талабга яна амал қилинмаса, эркак кейинги жазони тайинлаш учун суд олдида жавобгарликка тортилади.

Фармонга кўра, давлат лавозимларида ишлаётган аёллар ҳижоб ўрамаган тақдирда ишдан бўшатилади.

1996−2001 йиллар ҳокимият даврида «Толибон» ҳаракати ҳам кўчаларда ҳижоб ўрашни мажбурий қилиб қўйганди.

Ўтган йилнинг декабр ойида Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги ҳайдовчиларга машинада мусиқа ёқиш, шунингдек, ҳижобсиз аёлларни машинага ўтказишни тақиқлаганди.

Март ойида 6-синфдан катта қизларнинг мактабларга бориши ҳам тақиқланганди. Ўшанда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет толибларни «барча қизларнинг таълим олиш ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва камситишларсиз ҳамда кечиктирмасдан барча ўқувчилар учун мактабларни очишга» чақирди. БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Расселнинг сўзларига кўра, бу қарор ўсмир қизларнинг бутун бир авлодини келажак фаровонлиги учун зарур бўлган кўникмаларга эга бўлиш имкониятидан маҳрум қилади.

Шу билан бирга, Афғонистонда очарчилик кучаймоқда: 19,7 миллион киши — аҳолининг деярли ярми ўткир очлик ёқасида, дея хабар берди Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва бир қатор нодавлат ташкилотлари мутахассислари.

«Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга қаратилган мисли кўрилмаган гуманитар ёрдам ҳажми умумий тенденцияни ўзгартирди, бироқ мамлакатда озиқ-овқат билан таъминланишга доир вазият даҳшатли бўлиб қолмоқда, — деди Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг Афғонистондаги вакили Ричард Тренчард. — Қишлоқ хўжалигини қайта қуриш ва фермерлар ва қишлоқ жамоалари ўртасидаги уруш натижасида бузилган алоқаларни шаҳар бозорлари билан қайта тиклаш керак. Агар бу амалга ошмаса, яқин келажакда ушбу инқироздан чиқишнинг иложи бўлмайди».

«Бир неча ой ичида биз 16 миллиондан ортиқ одамни қамраб олган дунёдаги энг йирик гуманитар озиқ-овқат операциясини ташкил этишга муваффақ бўлдик, — деб қўшимча қилди Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистон бўйича директори Мэри-Эллен МакГроарти. — Биз фермерлар, тегирмончилар ва новвойлар билан ҳамкорликда хотин-қизларни ўқитиш ва маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун иш ўринлари яратиш устида ишлаяпмиз. Афғонистон иқтисодиётининг нормал ишлашига имкон бериш — инқироздан чиқишнинг энг ишончли йўлидир».