Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office, SFO) Буюк Британиядаги Гулнора Каримовага тегишли бўлган учта ҳашаматли кўчмас мулк объектини мусодара қилди. Бу ҳақда назорат органи баёнотида маълумот берилди.

Гап Лондоннинг нуфузли Белгравия туманидаги иккита квартира ва Суррей графлигидаги ҳашаматли уй ҳақида бормоқда. Уларнинг умумий қиймати 20 миллион фунт стерлингдан кўпроққа баҳоланмоқда.

SFO`нинг қайд этишича, Гулнора Каримова ва унинг оиласи бу кўчмас мулкларни Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан олинган маблағ эвазига сотиб олган.

«SFO [Гулнора] Каримова 2004−2012 йилларда телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига киришда ёрдам бериш эвазига пора кўринишида юзлаб миллион доллар олганини даъво қилади», — дейилади бюро хабарида.

SFO 2018 йил октябрь ойида Каримованинг Британиядаги активларини, жумладан, учта мулкини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган. Бюро хабарига кўра, 8 август куни Буюк Британия Олий суди бу даъвони қаноатлантирган.

Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери 21-рақамли колонияда жазони ўтамоқда. Олий суд 2020 йил март ойида у жиноий гуруҳ ташкил этиш, фирибгарлик, ўзлаштириш ва бошқа жиноятлар бўйича иш юзасидан 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берганди.

Гулнора Каримовага алоқадор Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги активларининг умумий миқдори қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланади. Ўзбекистон ҳукумати уларнинг бир қисмини қайтаришга ҳаракат қилмоқда.