9 август куни 2019 йилда Қибрай туманида 13 ёшли қизнинг зўрланиши бўйича жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман судига ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

«Газета.uz» қизнинг АҚШда яшовчи оиласи ишни судга етказиш учун кўп куч сарфлагани, кўплаб тўсиқлар ва ҳатто таҳдидларга дуч келгани ҳақида ёзган эди.

Гумонланувчи Ш. Ш.(1993 йилда туғилган) жиноят содир этган вақтда 27 ёшда, ишсиз бўлган, кейинчалик Миллий гвардиянинг туман қўриқлаш бўлимида оддий аскар сифатида хизматга кирган.

У Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми — 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлашда айбланмоқда. Бунинг учун унга 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг 29 июлдаги қарори билан ушбу шахс қамоққа олинган.

Номусга тегиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётгани муносабати билан Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида назарда тутилганидек, суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади.

Қизнинг ота-онаси Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳасига: «Жиноят иши ёпилди, даъво муддати ўтган, ҳеч қандай далил йўқ, дейишди. Иш Қибрай туман прокуратураси, Ҳарбий прокуратура, Республика прокуратурасига ўтказилди ва натижа бўлмади. Сенаторларга ҳам, болалар омбудсманига ҳам мурожаат қилинди. Ҳаммаси беҳуда», — деган эди.

Nemolchi.uz апрель ойида жиноят ҳақида эълон қилганидан сўнг, бу ҳақда интернет нашрлари ёзди. Шундан кейингина жиноий иш қайта қўзғатилган. Батафсил маълумотларни апрель ойидаги мақоламизда ўқинг.