Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири томонидан 8 август куни ўтказилган йиғилишда Андижон давлат тиббиёт институтидаги коррупция ҳолати танқид қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Институт масъул ходимлари — бош ҳисобчиси А.Рахмонов, кадрлар бўлими бошлиғи Д.Назарова, режа-молия бўлими бошлиғи А.Ахмедова, таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Х.Алиев, ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Қ.Юсупов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Бундан ташқари, институт ректори М.Мадазимовни «коррупцион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлувчи ҳолат ва шарт-шароитларни бартараф этишда қатъиятсизлик кўрсатгани ва коррупцияга оид жиноят содир этилишига йўл қўйгани сабабли» лавозимидан озод этиш тўғрисида таклиф тайёрлаш белгиланган.

«Газета.uz» июль ойида Андижон давлат тиббиёт институти декани ўринбосари 16 минг доллар олаётган вақтда ушлангани ҳақида ёзганди. Шунингдек, ишга алоқадор бўлган олий ўқув юртининг ўқитувчиси ҳам қўлга олинган.