Грузиянинг TBC Bank Group банклар гуруҳи Payme тўлов хизматининг (Inspired МЧЖ) 100 фоиз улушига эга бўлди, дея хабар қилди холдинг компанияси матбуот хизмати.

2019 йил апрелида Payme`нинг 51 фоиз улушига эга бўлган TBC қолган 49 фоизини 55,7 млн долларга сотиб олди. Маблағ 10 банк куни ичида тўланади. Натижада Payme капиталлашуви 113,6 млн долларга баҳоланди.

Битимгача 49 фоиз улуш Абдулазиз Абдулаҳадов (15 фоиз), Сарвар Рўзматов (15 фоиз), Фаррух Зияев (7,5 фоиз) ва яна икки жисмоний шахс (11,5 фоиз) ўртасида тақсимланган эди.

TBC Bank бош директори Вахтанг Буцхрикидзенинг таъкидлашича, қолган улушларнинг харид қилиниши Ўзбекистонда етакчи финтех-экотизимини яратиш бўйича илгари белгиланган стратегияга мос келади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг апрель ойида TBC Payme`даги 51 фоиз улушини 5,5 млн долларга сотиб олган, компаниянинг қиймати 10,8 млн долларни ташкил этган эди, бу жорий баҳодан 10 баравар кам.

2018 йил якунига кўра Payme ялпи активлари 700 минг доллар, 2018 йилнинг тўлиқ йилида жами тушум ва солиқдан олдинги фойда 1,6 млн доллар ва 0,8 млн долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил охирида у мос равишда 17,5 млн доллар ва 11,4 млн долларни ташкил қилган. Ушбу даврда фаол фойдаланувчилар сони 1,3 млн дан 3,1 млн кишига кўпайди.