Давлат раҳбарининг 7 августдаги қарори билан Давронжон Қобилжонович Одилов Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори этиб тайинланди, дея хабар қилди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Бу лавозимга тайинлангунга қадар, 2021 йил январь ойидан у қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, сўнгра вазир ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. Вазирликка қадар эса Даврон Одилов Gold Step Invest қурилиш компанияси директори ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Дирекция июль ойи охирида ташкил этилган. У кенг ваколатларга эга бўлиб, шаҳарни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқади, инвесторлар билан шартномалар тузади ва ҳоказо.

Таъкидлаш жоизки, президент «Маҳалла» хайрия жамоат фондига Тошкент ҳокимлиги билан биргаликда дирекцияга 1 сентябргача ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун жорий йилнинг 1 сентябрига қадар «Маҳалла» фонди ҳисоб рақамига жамғарилган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 50 млн доллар эквивалентида беғаразлик асосда ажратиш бўйича топшириқ берган эди. Жамғарма нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади фуқаролар йиғинлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.