Пайшанба куни интернетда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалди. Педагог у ишдан бўшатилганини эълон қилгани учун вилоят ҳокими билан баҳсга киришган.

ОАВ унинг 10 кунга қамоққа олингани, чиққанидан кейин яна ушлангани ҳақида хабар берди. Мактаб таълими вазири директор ҳибсдан озод этилгани ва ўз лавозимида ишлашда давом этишини маълум қилди. Шундан сўнг вазир Ҳилола Умарова Умида Турсунова билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Директор эса 7 кун қамоқда бўлгани, ҳозир аҳволи яхшилигини айтди. Умарова кейинроқ Сурҳондарёга ташриф буюриши ва масала юзасидан бафуржа гаплашиб олинишини таъкидлади. Мактаб директори уни бундан кейин тинч қўйишмаслигидан қўрқаётганини айтган бўлса, вазир ҳавотир олмасликни ва педагог давлат ҳимоясидалигини эслатиб ўтди.

Тармоқларда нафақат мактаб директори ва вилоят ҳокими ўртасидаги можаро, балки бунга вазирнинг муносабати ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов вазир педагогларнинг ҳимоя остида эканлиги ҳақида жамиятга тўғри сигнал берганига миннатдорчилик билдирди. «Ўзбекистонда ўқитувчиларга ҳурмат — жамиятимиз қадрияти эканлигини ҳар бир раҳбар, у ҳоким бўладими, бошқасими, албатта англаб етиши ва ҳис этиши зарур», — деди депутат.

«Ҳоким мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятини содир этди»

Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раҳбари Абдурахмон Ташанов эса вилоят ҳокимининг бу ҳаракатини «Конституцияга тажовуз қилиш» деб атади.

«Меҳнат Кодексининг 170-моддасига кўра, мактаб директорига иш берувчи Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳисобланаркан, ҳоким бу буйруғи билан мансаб ваколатидан четга чиқиш ва уни суиистеъмол қилиш жиноятини содир этди. Мажлисда ҳокимнинг қарорига эътироз билдирган мактаб директори МЖтКнинг майда безорилик моддаси билан жаримага тортилиб, қамоққа ташланди. Суднинг ҳоким истагини қонунлаштириши ва шахсни адолатсиз ҳибсга олиш қарори юртдошларимиз учун янгилик эмас, албатта. Aммо бу қонунбузарликнинг жамоат кўз ўнгида содир этилиши миллат ва давлат учун мисли кўрилмаган ҳурматсизликдир», — дейди у.

Шунингдек, ҳуқуқ фаолининг фикрича, ҳоким қилган ҳурматсизликнинг бадали икки ҳисса юқори бўлиши керак.

«Менимча, бу ҳолатга Олий суд ва Бош прокуратура дарҳол изоҳ бериши зарур. Мактаб директорининг лавозимига муносиблиги маъсулияти тегишли вазирлик зиммасидаги ишдир. Биз янги Конституция муқаддимасини мамлакатнинг ҳуқуқий давлат экани ҳақидаги норма билан бошладик. Aгар муқаддимадаёқ унга тажовуз қилсак, унга тўла амал қилишни ўйламасак ҳам бўлади», — дея изоҳ қолдирди у.

Ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев эса ҳоким қонун олдида жавоб бериши керак, деган фикрда. Унинг таъкидлашича, катта эҳтимол билан мактаб директорига нисбатан қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судья ҳокимлик босими остида мустақил ҳаракат қилмаган бўлиши мумкин.

«Мактаб директори алоҳида ҳимояга олинмас экан, унга нисбатан ҳар хил асоссиз бўхтонлар ўйлаб топилиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, бу опага нисбатан маъмурий қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судьянинг масаласи Судьялар олий кенгаши томонидан албатта кўриб чиқилиши керак. Гап бу ерда судьянинг мустақиллиги ҳақида кетяпти. Ҳатто президент судьяларнинг мустақиллиги борасида қатъий талаблар қўяётган бир вақтда, буни истамаётган ва бунга лойиқ бўла олмаётган судьяларга тизимда умуман ўрин йўқ. Бу воқеа таълим ташкилотлари фаолиятига ҳокимларнинг асоссиз аралашувига зудлик билан барҳам берилишини талаб этмоқда», — деди у.

Яна бир ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ҳолат юзасидан қуйидагича савол берган:

мактаб директори, сариосиё, сурхондарё

Скриншот: Facebook.

мактаб директори, сариосиё, сурхондарё

Скриншот: Facebook.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов таълим тизимига ҳокимларни умуман яқинлаштирмаслик кераклигини айтмоқда.

«Умуман, менинг фикрим: таълим тизимига ҳокимларни умуман яқинлаштирмаслик керак. Бу фикрни бир неча йил олдин билдиргандим, ҳали ҳам шу фикрим ўзгармаган… Президентнинг 2023 йил 26 майдаги 79-сон фармонида ҳам мактаб директорларини ишга олиш — ва демакки, ишдан бўшатиш — ваколати ҳокимларга берилмаган). Шундай экан, вилоят ҳокимининг бу хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши керак деб ўйлайман. Лекин де-факто ҳудуднинг деярли чексиз ваколатларга эга «кичкина хони»га айланган ҳокимнинг ҳаракатларига баҳо беришга ким ҳам журъат қиларди? Бу билан директор яхши ёки ёмон демоқчи эмасман, лекин унинг яхши ёки ёмонлигига ўзининг бевосита иш берувчиси баҳо бериши керак. Ўша гап: ўзимиз қабул қилган қонунларга ўзимиз риоя қилайлик», — деди у.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса кўпчилик бир кишининг овозини ўчиришга уринганига эътибор қаратган.

«Видеони кўриб, вилоят ҳокимлиги вазиятни ўрганмаган ёки адолатсиз қарор қабул қилган деган фикр шаклланди. Ҳокимликдан кўпчилик бўлиб шу битта мактаб директорини овозини ўчиришга ҳаракат қилишди. Опа ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқи учун тортишди. Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди», — дейди у.

Мазкур ҳолатдан таъсирланиб, агар можаро охирида ҳокимнинг қўли баланд келса, таълим тизимига умуман қайтмаслигини айтганлар ҳам йўқ эмас. Улардан бири Дилбар Ҳайдарова:

мактаб директори, сариосиё, сурхондарё

Шарифа Мурод эса вазирнинг баёнотига эътироз билдирган:

мактаб директори, сариосиё, сурхондарё

Барногул Санақулова эса вилоят ҳокими ўзининг шахсий фикрини билдирган педагогни чиқариб юборишни буюрганини танқид остига олган.

мактаб директори, сариосиё, сурхондарё