Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 27 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда давлат банкларини хусусийлаштириш нима сабабдан кечиктирилаётганини изоҳлади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, хусусийлаштириш тез содир бўладиган жараён эмас: «Бу нафақат бизнинг хоҳиш ва эҳтиёжларимизга, балки хорижий инвесторларнинг ишончига ҳам боғлиқ. Очиқ айтаман, 2022 йилдаги геосиёсий инқироз постсовет мамлакатлари бозорларига хорижий инвесторларнинг кириб келишини чеклаб қўйди».

Мамаризо Нурмуратов хусусийлаштириш жараёнида энг муҳими банкларни трансформацияга тайёрлаш, деб ҳисоблашини қайд этди.

«Биз буни қанчалик тез бажарсак, банкларни сотишга шунчалик тезроқ тайёрлаймиз. Бу ҳақиқат, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда бу жараён бир йилдан ортиқроққа чўзилиши мумкинлиги таъкидланди», — деди у.

Марказий банк раҳбари хусусийлаштириш жараёнининг кечикишига Ўзбекистон банкларининг тайёргарлиги эмас, балки халқаро молиявий танглик таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Бу матбуот анжуманидан бир неча кун ўтиб Ўзбекистон президенти «Қишлоқ қурилиш банк», «Асакабанк», «Алоқабанк», «Агробанк» ва бошқалар акцияларини хусусийлаштириш ва IPO`га қўйиш муддатини кечиктиришни назарда тутувчи фармонни имзолади. Унга кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк»даги давлат улуши 2024 йил охиригача 50 фоиздан камайтирилиши режалаштирилган, лекин дастлаб давлат улуши тўлиқ аукционга қўйилиши режалаштирилганди.

Бугунги кунга қадар давлат икки банкдаги улушларини сотди. Венгриянинг OTP банки «Ипотека-банк»нинг эгасига айланганди, бу банк ўтган йили Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли келишувни вақтинчалик кейинга қолдирганди. «Ўзагроэкспортбанк» эса январь ойида Support Level (Олимжон Шодиевга тегишли) томонидан хусусийлаштирилди.