Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 июль куни бир қанча йирик банкларни хусусийлаштириш муддатларини узайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Хусусан, 2024 йил охиригача хусусийлаштириш йўли билан мамлакатнинг иккинчи йирик банки — «Ўзсаноатқурилишбанк»даги давлат улушини 50 фоиздан камайтирилиши кўзда тутилган. Дастлаб, бутун давлат улушини 2022 йил охиригача, кейин эса 2023 йил охиригача аукционга қўйиш режалаштирилган эди. Хусусийлаштирилгунга қадар банк оддий акциялари бўйича дивиденд тўланмаган ҳолда унинг соф фойдаси тақсимланмайди.

Ҳозирда банк Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (82,1 фоиз), Стратегик ислоҳотлар агентлиги (13,1 фоиз) ва «Ўзтрансгаз» (1,2 фоиз) томонидан назорат қилинади.

Инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида банкда бошқаруви раиси ва унинг аъзоларини мустақил равишда тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш амалиёти тўлиқ жорий этилади, дейилади фармонда. Ҳозирда бу тартиб Марказий банк билан келишилиши керак.

Банк Халқаро молия корпорациясидан (ХМК) оддий акцияларга конвертация қилиш имконияти билан 125 миллион доллар кредит олди. Йил охиригача худди шундай имконият билан Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) яна 50 млн доллар, ХМКнинг 40 млн долларлик субординар қарз маблағларини жалб этиш, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида 100 млн долларлик «яшил» облигациялар чиқариш режалаштирилган. Яъни, қарз ва кредитларни тўлаш ўрнига, кредиторларга акцияларни таклиф қилиш мумкин.

Бундан ташқари, президент Иқтисодиёт ва молия вазирлигига «Ўзсаноатқурилишбанк»га ажратилган 1,28 трлн сўм миқдоридаги кредитни кредит шартларини ўзгартирмаган ҳолда субординар қарз сифатида қайта расмийлаштириш бўйича топшириқ берди.

Фармон билан бошқа банкларнинг хусусийлаштириш ва акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) муддати узайтирилди:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар режалаштирилган «Қишлоқ қурилиш банк» акциялари IPO`си 2024 йил 1 мартга кўчирилди;
  • «Асакабанк»ни хусусийлаштириш 2025 йил охирига режалаштирилди — бу муддат 2023 йил охиригача этиб белгиланган эди;
  • 2025 йил 1 январга қадар (2023 йил 1 июлгача эди) «Халқ банки» АТ (Халқ банки), «Микрокредитбанк» АТБ, «Алоқабанк» АТ, «Агробанк» АТБ ва «Ўзмиллийбанк» АТ акциялари фонд биржасида IPO`дан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Бугунги кунга қадар давлат фақат икки банк акцияларини сотди. Венгриянинг OTP Bank банки 324 млн доллар эвазига Ипотека-банк эгасига айланди. «Ўзагроэкспортбанк» эса январь ойида Support Level компанияси (Олимжон Шодиевга тегишли) томонидан хусусийлаштирилди.

2025 йилда банк секторидаги давлат улушини 40 фоизга камайтириш режалаштирилган эди, бироқ катта эҳтимол билан бу кўрсаткичга ўз вақтида эришилмайди.