Самарқанд вилояти Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда бир гуруҳ фуқаролар йўловчи ташувчи автобус йўлини тўсиб, ойнасига тош отгани акс этган видео тарқалди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, 28 июль куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида вилоятлараро йўловчи ташувчи автобус ҳайдовчиси у билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Damas ҳайдовчиси йўлига чиқиб кетиши оқибатида ҳайдовчилар ўзаро йўл талашиб, тортишиб қолган.

Шундан сўнг Damas ҳайдовчиси Й.Ш. автомашинасини бошқариб, Самарқанднинг Оқдарё тумани ҳудудида танишлари билан автомобиль йўлини тўсиб, автобуснинг ҳаракатланишига йўл қўймасдан, унга шикаст етказган.

Ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ўрганишлар якунига кўра, ҳолат юзасидан 14 нафар шахсга нисбатан 15 суткадан маъмурий тартибда қамоқ жазоси тайинланди. Ҳолат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.