Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги Толимаржон иссиқлик электр станциясида иккита янги буғ-газ қурилмалари қурилиши бошланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Лойиҳанинг бош пудратчилари INTECSA Ingeniera Industrial (Испания) ва Mitsubishi Corporation (Япония) бўлади, улар билан ИЭС 2022 йил ноябрь ойида шартнома имзолаган.

Лойиҳа қиймати 771,8 миллион долларга баҳоланмоқда. Янги қувват блокларининг умумий қуввати 1065 МВтни ташкил қилади (илгари у камида 900 МВт бўлиши хабар қилинганди). Қурилишни 2025 йил охиригача якунлаш ва ишга тушириш режалаштирилган.

энергоблоклар, иэс

Янги энергоблоклар йилига 8,5 миллиард кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқаради ва Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларини, шунингдек, Қарши магистраль каналидаги насос станцияларини электр энергияси билан таъминлайди, дейилади хабарда. Бундан ташқари, янги қурилмалар 600 миллион куб метргача табиий газни тежаш ва атмосфера чиқиндиларини йилига 1500 тоннага камайтириш имконини беради.

Июль ойи бошида «Иссиқлик электр станциялари» раҳбари Баҳодир Жўраевга Толимаржон ИЭСда инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйилгани учун президент томонидан ҳайфсан берилганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ва БААнинг Mubadala ва TAQA ўртасида Толимаржон ИЭСни бошқарадиган қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоланганди. Инвестицияларнинг умумий ҳажми $1 млрд бўлиб, шундан $700 млн жалб этилган кредитларни тўлашга йўналтирилади.

2016 ва 2017 йилларда Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилган. Қурилиш ишлари Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компаниялари томонидан амалга оширилган.