Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб 70 мингга яқин дарахт кесилиши мумкинлиги, лойиҳа ҳужжатлари ҳукуматга топширилгани айтилаётгани, жамоатчилик бундан норози экани ҳақида хабар бергандик. Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Вазирликнинг очиқлашича, 6 июль куни Бухоро вилояти ҳокимлиги А-380 автомобиль йўлининг 150−228 км узунликдаги «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини тасдиқлаш учун Экология вазирлигига юборган. Лойиҳада 31 минг 371 та дарахт ва буталарни яқин атрофдаги бўш жойларга кўчириб ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, 7 июлда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан 4Р-100 «Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов» автомобил йўлининг 128−174 км ва 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобил йўлининг 5−70 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси юзасидан 21 минг 803 дона дарахтни белгиланган тартибда кўчириб ўтказишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

Қайд этилишича, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев томонидан имзоланган ҳукумат комиссиясининг 21 июлдаги 58-сон баённомасига мувофиқ, вазирликка бир ҳафта муддатда дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўчириш бўйича ҳукумат комиссиясига хулоса бериш ва тегишли таклифлар киритиш топшириғи берилган.

«Вазирлик ушбу мурожаатларга жавобан, ўсимлик дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши, республикамиз бўйлаб кузатилаётган чанг-тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда ушбу дарахт ва буталарнинг ўрни муҳим эканлигини эслатган ҳолда рад жавобини берган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, ҳокимликларга юборилган расмий жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликка ташриф буюриб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритишлари ҳақида маълумот берган.

«Турли инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишда бундай сўровлар камдан-кам учраб туришини таъкидлаш лозим. Табиийки, лойиҳа ташаббускорлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таклиф билдирса, ўз навбатида Экология вазирлиги ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий мувозанатни сақлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз хулосасини беради», — дейилади вазирлик хабарида.

«Вазирлик оммавий ахборот воситалари вакилларининг дарахтларни асраш ва экологик мувозанатни сақлаш борасидаги фаол позицияси учун миннатдорлик билдиради», — дея қўшимча қилади вазирлик матбуот хизмати.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам вазирлик томонидан дарахтларни кесишга қарши президент фармонига асосан жорий этилган мораторий талабларидан келиб чиқиб, ҳар иккала ҳолат ҳам рад этилганини маълум қилди. «Бундан буён ҳам рухсат беришга доир ҳар қандай мурожаат ва топшириқларга рад жавоби берилади», — дейди Кушербаев.

Унга кўра, мораторий талабларига қатъий риоя қилган ҳолда дарахтларни сақлаб қолиш бўйича вазирликнинг позицияси ишлаб чиқилиб, тез кунларда иккала ҳудудда ҳам бу масалада жамоатчилик иштирокида эшитув ташкил этилиши белгиланган.

«Таъкидлаш жоизки, вазирлик дарахтлар йўқотилишига доир мазкур лойиҳалар бўйича ўз позициясида қатъий ва бундай буён ҳам шундай бўлиб қолади», — дейилади Расул Кушербаев ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 27 июль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов мазкур масалага муносабат билдирганди.

«Лойиҳадан хабаримиз бор, бу бўйича вазирлик ўз муносабатини билдирган. Бу ҳали лойиҳа жараёнида. Лойиҳа ҳужжатлари вазирлик [билан] келишилмаган ҳам. Йўл бўйида кесилиши мумкин бўлган дарахтларни асраб қолиш бўйича биз тегишли органларга қўшимча равишда хатлар билан мурожаат қилдик», — деганди у.

Ушбу ҳудудларда кесилиши кутилаётган 70 мингга яқин дарахтни сақлаб қолиш мақсадида ижтимоий тармоқларда #DaraxtlarniAsraylik, #NafasOlolmayapman хештеглари остида норозилик акцияси ўтказилмоқда.