Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида автомобиль йўллари қурилиши сабабли умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкин, дея ёзмоқда журналист Илёс Сафаров ўзининг Telegram каналида.

Унга кўра, Бухорода 23 минг, Сурхондарё вилоятида эса 45 мингдан ортиқ дарахтни йўқ қилиш бўйича режа мавжуд ва лойиҳа аллақачон ҳукуматга топширилган. Ишлар августдан тезлаштирилган тартибда бошланиши кутилмоқда.

Журналист бу ҳақда ёзаркан, «Агар ҳукумат шундай лойиҳага эга бўлса ва ёки у амалга ошса, эслаб қолинг, бу Ўзбекистон учун чинакамига „ўлим лойиҳаси“ бўлади. Биз шусиз ҳам дунёда экология муаммоларидан энг кўп азият чекаётган минтақага айланиб бормоқдамиз. Бир туп дарахтни ўстириб олиш минг азоб бўлган икки ҳудудда 70 минг дарахт кесилиши инқирозимизни янада тезлаштириб юборади», — дейди у.

27 июль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов мазкур масалага муносабат билдирди.

бухоро вилояти, дарахт кесилиши, сурхондарё вилояти

Фото: Экология вазирлиги

«Лойиҳадан хабаримиз бор, бу бўйича вазирлик ўз муносабатини билдирган. Бу ҳали лойиҳа жараёнида. Лойиҳа ҳужжатлари вазирлик [билан] келишилмаган ҳам. Йўл бўйида кесилиши мумкин бўлган дарахтларни асраб қолиш бўйича биз тегишли органларга қўшимча равишда хатлар билан мурожаат қилдик», — деди у.

Қудратовнинг айтишича, Сурхондарёда ҳам, Бухорода ҳам жамоатчилик эшитуви ташкил қилинади. «Натижаларга қараб тегишли қарор қабул қилинади. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси билан ҳам келишиб олганмиз. Биз биринчи навбатда ўша ҳудудларга бориб, дарахтларни асраш бўйича чораларни кўрамиз», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Журналист Илёс Сафаров эса «Қаердан йўл қуришса қуришсин, лекин бирорта дарахт кесилиши ва ё кўчирилишига рози бўлмаймиз», — деди унга жавобан.

Жамоатчилик бундан норози

Ушбу ҳудудларда кесилиши кутилаётган 70 мингга яқин дарахтни сақлаб қолиш мақсадида ижтимоий тармоқларда #DaraxtlarniAsraylik, #NafasOlolmayapman хештеглари остида норозилик акцияси ўтказилмоқда.

бухоро вилояти, дарахт кесилиши, сурхондарё вилояти

Фото: Telegram / @mirzo_zominiy

Жамоатчилик фаоллари ҳам, хусусан, иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров дарахтлар кесилиши лойиҳаси ҳақида фикр билдираркан, «Ўзбекистонда дарахт кўчириш бу дарахт кесишнинг чиройли ниқобланган варианти ҳисобланади. Ҳамма ўзбек чиновниклари тупуриб қўйган мораторийни айланиб ўтишнинг энг кўп тарқалган кўриниши», — деди у.

«Ўйлашимча, қарор аллақачон қабул қилиб бўлинган, эрталабдан кесиш бошланади. Фақат давлат раҳбари ва жамоатчиликнинг иродасигина бу яширин қотилликни тўхтатиб қолиши мумкин», — деб ёзади блогер.

Таълим эксперти Комил Жалилов эса шундай дейди:

«Хабар беришларича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши (ва бугундан туризм ҳам?) вазирлигига „йўл қуриш“ мақсадида (баҳонасида?) дарахтларни кўчириш (де-факто ўлдириш?) учун хулоса бериш топширилган. Вазирлик шу йўл билан иқлим ўзгаришига ҳисса қўшмоқчидир, балки. Ўзи шундоқ ҳам атроф-муҳит (экология) бўйича дунёдаги энг ёмон 6 давлатдан бири эканмиз. Қизиқ, мақсад бу „шарафли“ рейтингда янада юқорироқ ўринга чиқиб, „экстремал“ туризмни ривожлантиришми? Ёки „захира“ ҳовлиси борнинг „захира“ ҳовлиси бўлмаганлар билан нима иши бор…ми?» — дея пост қолдирган у.