Бундан буён саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан бажарилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида айтиб ўтди.

Давлат раҳбари вилоятдаги саноат зоналарида катта майдонлар бўш тургани, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари уларни тадбиркорларга таклиф қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётганини танқид қилди.

«Шунча бўш жойлар туриб, ҳокимлар саноат зоналари учун қишлоқ ерлари тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилишдан чарчамаяпти. Энг ачинарлиси, вилоятда ишлаб чиқариш бўлган давлат объектларини хусусийлаштириб, улар ўрнида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб юбориш ҳолатлари бор», — деди президент.

Бош прокуратура, Кадастр агентлигига бундай ҳолатларни текшириб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. Саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилиши белгиланди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, вилоятда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилинган. Уларга яшаш жойидан ёки сувдан узоқ ерлар ажратилмоқда. Ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 32 фоиз ер эгаларига туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Инфляцияни жиловлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсиз.

«Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 млн доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин», — деди президент. У вилоятдаги ҳар бир туман учун йил якунигача камида 100 млн доллардан инвестиция жалб қилиш вазифасини қўйди.

Қолаверса, минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмдан 570 минг сўмга оширилган. Шу сабабли Фарғонада яна 9 минг оила камбағал тоифасига қўшилди. Мутасаддиларга бу оилаларнинг ҳар бирига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш топширилди. Аҳолига деҳқончилик учун аукционга чиқарилиб, талабгор аниқланмаган 1 минг 157 гектар экин ерларини аҳоли учун қулай ҳудудларга алмаштириш, бу ерларда камида 15 минг иш ўрни яратишга кўрсатма берилди.