2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан қиймати 167 миллион долларлик 5403 дона электромобиль олиб кирилди, дея хабар бермоқда Статистика агентлиги матбуот хизмати.

Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 4,85 баравар, 2022 йилдаги жами импортдан эса 2,5 баробар кўп ҳисобланади. Қиймат жиҳатидан кўрсаткич ҳам деярли бир хил ўсган.

Spot хабарига кўра, июнь ойидаги импорт ҳажми билан йил бошидан бери бешинчи марта ойлик максимал кўрсаткич янгиланган. Ўтган ойда 1587 та электромобиль импорт қилинди, бу май ойига нисбатан қарийб 25 фоизга кўп.

Электромобиллар олтита давлатдан олиб келинган, ҳар тўққизинчи автомобиль Хитойдан олиб келинган:

  • Хитой — 4956;
  • Гонконг — 348;
  • Германия — 57;
  • БАА — 16;
  • Корея — 12;
  • АҚШ — 7.

Ўтган йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан Хитойдан харидлар 5 баробар, Гонконгдан 14 баробар, Германиядан 2,1 баробар ошди. БААдан импорт 4,5 баробар камайди, уч ойдан бери бу мамлакатдан импорт қилинмаяпти.

Электромобилларни импорт қилишда акциз ва божхона тўловлари, шунингдек, автомобиль йиғимлари ундирилмайди. Электр ёки гибрид транспорт воситаларида йўловчи ташувчи такси ҳайдовчилари 2030 йилгача лицензия тўловидан озод қилинган. Қувватлантириш станциялари ўрнатган тадбиркорларга ҳам йил бошидан буён имтиёзлар берилган.