Июль ойида Шимолий Америка, Европа ва Осиёни қамраб олган ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқинида инсония фаолияти натижасида рўй берган иқлим ўзгариши муҳим роль ўйнади. Экстремал иқлим ҳодисаларини ўрганиш бўйича World Weather Attribution лойиҳасининг халқаро олимлар гуруҳи шундай хулосага келди.

Тадқиқотда қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда ушбу ҳудудларда кузатилган ҳалокатли иссиқлик тўлқинлари техноген иқлим инқирози билан боғлиқ бўлиб, бу қазилма ёқилғиларнинг ёниши натижасида юзага келган глобал исишсиз рўй бермаган бўлар эди.

«Агар инсоннинг иқлимга таъсири бўлмаганида, дунёда ҳароратнинг бундай кўтарилиши учун шароитлар жуда кичик бўлар эди», — дейилади таҳлилда. Олимларнинг фикрича, иссиқхона газлари чиқиндилари Европада ҳаво ҳароратининг 2,5 даражага, Шимолий Америкада 2 даражага, Хитойда эса 1 даражага ошишига олиб келди.

Тадқиқотга кўра, агар ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги кўрсаткичдан 2 даражага кўтарилса, ҳар 2−5 йилда бир марта иссиқлик экстремаллари содир бўлиши мумкин. Дунё аллақачон 1,1 даражага қизган.

Таҳлил ўтказишда олимлар, шунингдек, машҳур Эл-Ниньо табиат ҳодисасининг ролини ҳам ҳисобга олдилар ва бу иссиқликнинг ошишига ҳисса қўшган бўлиши мумкин деган хулосага келишди, аммо асосий сабаб — қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши.

Аввалроқ БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти июль ойининг биринчи ҳафтаси Ер юзида рекорд даражада иссиқ бўлганини маълум қилганди. Бу даврда денгиз сатҳининг ҳарорати мисли кўрилмаган даражага етди.

Метеорологлар яқин ойларда кутилаётган экстремал об-ҳаводан огоҳлантирди. Бундан ташқари, ВМО прогнозларига кўра, 98 фоизлик эҳтимол билан, кейинги беш йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлади. Бунга антропоген омил, яъни иссиқхона газлари чиқиндилари ва табиий омил — Эл-Ниньонинг бошланиши ёрдам беради, дея таъкидлади ташкилот.