24 июль куни эрталаб Москвага иккита учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянинга таяниб, Meduza хабар берди.

«Бугун эрталаб соат тўртда иккита нотурар жой биносига дрон зарбалари қайд этилди. Жиддий вайронагарчилик ва қурбонлар йўқ», — деб ёзган мэр ўзининг Telegram каналида.

Россия Мудофаа вазирлиги дронлар Украинага тегишли эканини даъво қилмоқда. «24 июль куни эрталаб Киев режимининг иккита учувчисиз учиш аппарати томонидан Москва шаҳридаги объектларга террорчилик ҳужуми уюштиришга уриниши бартараф этилди», — дейилади баёнотда.

«ТАСС» маълумотига кўра, биринчи дрон қолдиқлари Комсомоль шоҳкўчасидаги 17-уй ёнидан топилган. Бу ҳудуд Россия Мудофаа вазирлиги биносидан унчалик узоқда эмас.

Иккинчи дрон Лихачев шоҳкўчасида қурилаётган бизнес марказига келиб тушди. Оқибатда 50 квадрат метр майдондаги бинонинг 17 ва 18-қаватлари ойналари синган.

Воқеа жойига фавқулодда хизматлар етиб борди. Бу ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш чеклангани билдирилди.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери Москва бир неча бор учувчисиз самолётлар ҳужумига учраган. 3 майга ўтар кечаси Москва Кремлига иккита дрон ҳужум қилган. Россия расмийлари воқеани теракт ва ўша пайтда бошқа қароргоҳда бўлган Владимир Путинга суиқасд деб атаган.

30 май куни эрталаб дронлар Москва ва Москва вилоятининг бир қанча туманларига ҳужум қилган. Учта дрон Янги Москва ва Россия пойтахти марказидаги турар жой биноларига зарба берган. 21 июнь куни Янги Москва ва Наро-Фоминск шаҳри округида учта дрон уриб туширилган. 4 июль куни Москвага яқинлашаётганда бир нечта учувчисиз самолётлар уриб туширилган, шу сабабли Внуково аэропорти вақтинча ёпилган.