3 майга ўтар кечаси Украинанинг икки дрони Владимир Путиннинг Кремль қароргоҳига ҳужум уюштиришга уринди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди, деб ёзмоқда Meduza нашри.

«Ҳарбий ва махсус хизматлар томонидан радар жанговар тизимларидан фойдаланган ҳолда ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида аппаратлар йўқ қилинди. Уларнинг ерга қулаши сабабли қурбон бўлганлар йўқ, моддий зарар ҳам кўрилмади», — дея Кремль хабаридан иқтибос келтиради «РИА Новости».

Кремль Киев режими ҳаракатларини режалаштирилган террорчилик ҳаракати, Россия президенти ҳаётига суиқасд деб баҳолади, деб ёзади «РИА Новости».

Кремлнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида Владимир Путин ҳаётига ҳеч қандай хавф бўлмаган, унинг иш тартиби ўзгармаган. Шунингдек, хабарда айтилишича, Россия томони «ўзи хоҳлаган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш» ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Кремль эълон қилишидан бироз аввал Москва мэри Сергей Собянин 3 майдан бошлаб пойтахтда дронларни учириш тақиқланганини маълум қилганди. «Бу қарор ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини мураккаблаштириши мумкин бўлган учувчисиз учиш аппаратларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган», — дея тушунтирган у.

Украина расмийлари ҳозирча Кремль баёнотига муносабат билдирмади.