20 август — Тадбиркор куни муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва тадбиркорлар ўртасида учинчи очиқ мулоқот ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати. Учрашув санаси ҳозирча аниқ эмас.

Вазирлик Савдо-саноат палатаси ва бизнес-омбудсман билан биргаликда давлат раҳбари номига мурожаатлар қабул қилишни бошлади.

Тадбиркорлик вакиллари ўз фаолиятига оид муаммо ва таклифларни 1094 ва 1100 қисқа рақамларига, шунингдек, business.gov.uz портали орқали юборишлари мумкин.

Президент 2021 йил 20 август куни илк бор тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматида учрашув ўтказганди. Ўшанда 15 мингдан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушган. Улар етти йўналиш бўйича тизимлаштирилган, шундан сўнг аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича президентнинг қатор қарорлари қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев ўша йиғилишда бундай тадбирни ҳар йили ўтказиб, 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.

Иккинчи йиғилиш ўтган йилнинг 22 августида бўлиб ўтган, унда президент ҚҚСни 12 фоизгача камайтиришни маълум қилганди.