23 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 август Тадбиркорлар куни этиб белгилаш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 19 ноябрда ва Сенат томонидан 15 декабрда маъқулланган.

Шу йилнинг 20 август куни президент мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Учрашув арафасида тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ таклиф ва саволлар келиб тушгани маълум қилинганди. Ушбу масалалар еттита йўналиш бўйича тизимлаштирилди. Бир қатор масалаларни ҳал этиш борасида давлат раҳбарининг қарорлари қабул қилинди.

Шавкат Мирзиёев учрашувда ҳар йили 20 августда очиқ мулоқот ўтказиш ва Тадбиркорлар куни этиб белгилаш таклифини билдирганди.

«Энди ҳар йили айнан шу куни президентнинг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Бир йиллик ишларимиз натижалари сарҳисоб қилиниб, энг илғор бизнес вакиллари айнан шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади… Ишончим комил, бугун бошланган янги анъанамиз тадбиркорлик соҳасида йил давомида ишлайдиган самарали тизимга айланади», — дея таъкидлаганди президент.