Ижтимоий тармоқларда тарқалган ўзини ички ишлар органи ходими деб таништирган қиз видеоси ўрганиб чиқилди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Ўрганиш давомида ички ишлар органи ходимининг хизмат кийимидаги аёл Қува туманида яшовчи 21 ёшли Ш. М эканлиги аниқланиб, унга нисбатан туман ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

«21 июль куни Ш. М.га Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-моддаси прим 1-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш)га асосан, БҲМнинг 2 баравари (660 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланилди», — дейилади ИИБ ахборотида.

Қайд этилишича, мазкур кийим-бошни Ш. М.га берган ИИО ходимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Аввалроқ, жиззахлик икки фуқаро ЙПХ ходимлари ҳақида суратга олган ҳазиломуз видео ортидан бири 15 сутка, бошқаси эса 10 суткага қамалган эди. Кейинроқ уларнинг қамалиши ноқонуний деб топилиб, апелляция инстанциясида улар суд залидан озод қилинганди.