Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 24 июндаги қарори билан жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликларини ундиришда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир тавсиялар тасдиқланди.

Қарорга кўра, мазкур тавсиялар жисмоний шахсларнинг ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, жисмоний шахсларнинг кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорликларини қайтариш юзасидан кредит ташкилотлари билан жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солади.

Қайд этилишича, кредит ташкилотининг ташаббусига кўра, қуйидаги ҳолларда қарздор билан бевосита ўзаро муносабатларга киришишга йўл қўйилмайди:

  • соат 20:00 дан 8:00 гача бўлган вақтда;
  • ҳафтада бир мартадан ортиқ шахсий учрашувлар;
  • телефон алоқа орқали кунига бир мартадан ортиқ, ҳафтасига икки мартадан ортиқ, ойига саккиз мартадан ортиқ.

Кредит ташкилоти ходими қарздор билан ҳар сафар шахсий учрашув асосида ўзаро муносабатларга киришишда қарздорга кредит ташкилотининг номи ҳамда ташкилот номидан учрашаётганлигини билдирган ҳолда ўзининг исми, фамилияси ва шарифи тўғрисида маълумот бериши лозим.

Кредит ташкилоти томонидан қарздорга электрон алоқа тармоқлари орқали матнли, овозли ва бошқа хабарларни юбориш қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

  • соат 20:00 дан 8:00 гача бўлган вақтда;
  • кунига икки мартадан ортиқ;
  • ҳафтасига тўрт мартадан ортиқ;
  • ойига ўн олти мартадан ортиқ.

Қарздорликни қайтариш мақсадида электрон алоқа тармоқлари орқали қарздорга юбориладиган матнли, овозли ва бошқа хабарларда камида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

  • кредит ташкилотининг номи;
  • муддати ўтган қарздорликнинг мавжудлиги, шу жумладан унинг миқдори ва таркиби (асосий қарз, фоиз қарзи ва бошқалар);
  • кредит ташкилотининг алоқа телефон рақами.

Кредит ташкилоти томонидан муддати ўтган қарздорликни қайтариш мақсадида қарздорга унинг яшаш ёки рўйхатда турган манзили бўйича почта орқали жўнатиладиган барча хабарларда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

  • кредит ташкилоти номи;
  • кредит ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар (жойлашган жойи, почта манзили, электрон почта манзили ва алоқа телефон рақами);
  • хабарни имзолаган шахснинг исми, фамилияси ва шарифи ҳамда лавозими;
  • қарздорга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқининг юзага келиши учун асос бўлган шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • қарздорликнинг миқдори ва таркиби, уни тўлаш муддатлари ва тартиби тўғрисидаги маълумотлар (аввалги кредит ташкилотининг талаб қилиш ҳуқуқи қисман янги кредит ташкилотига ўтган тақдирда, ўтказилган талаб қилиш ҳуқуқининг суммаси ҳам кўрсатилади);
  • қарздор ўз мажбуриятларини бажариши лозим бўлган муддат (ўн кундан кам бўлмаслиги лозим);
  • белгиланган муддатгача қарздор ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатлари;
  • қарздорликларни тўлаш усуллари ва пул маблағлари ўтказилиши мумкин бўлган банк реквизитлари;
  • низони судгача ҳал қилиш усуллари.

Кредит ташкилотига қарздор билан телефон алоқаси орқали тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун фақат кредит ташкилотига тегишли бўлган корпоратив рақамларидан фойдаланишга рухсат этилади. Бунда, қарздорга қўнғироқ қилинган ёки хабар юборилган алоқа телефон рақами ёхуд хабар юборилган электрон почта манзили ёки жўнатувчи тўғрисидаги маълумотларни яшириш тақиқланади.

Қарздор билан ўзаро муносабатлар давлат тилида ёки шартнома тузилган тилда амалга оширилиши керак.

Тавсияларнинг тўлиқ рўйхати билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Молиячи Отабек Бакиров Марказий банк томонидан эълон қилинган тавсияларни «ёмон» деб атади.

Унинг ёзишича, ҳужжат билан батафсил танишган одам мазкур тавсиялар Россия Федерациясининг 03.07.2016 йилдаги 230-Федерал Қонунининг иккинчи боби ва бир неча бошқа моддаларининг айни таржимаси эканига гувоҳ бўлиши мумкин.

Молиячи бу тавсияларни салбий баҳолаётганини бир нечта факторлар билан изоҳлаган.

Отабек Бакиров Россия Федерациясида ҳужжат бир неча йиллик муҳокамалардан кейин қонун даражасида қабул қилинганини эслатган. Ўзбекистонда эса бу тавсиялар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган, яъни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мақомига эга эмас. Лекин ҳужжат тижорат банкларига ва микромолиялаш ташкилотларига ишда қўллаш ва ижро учун юборилган.

Яна бир фактор сифатида молиячи Россиядаги қонун коллекторлик ташкилотлари (қарз қайтариш билан шуғулланувчи профессионаллар) ва ёмон қарздорлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солганини қайд этган. Яъни қонунга зарурият коллекторлик фаолиятига рухсат берилгандан кейин пайдо бўлган.

Бундан ташқари, бундай тавсияларнинг қабул қилиниши қарздорларнинг баъзи тоифаси учун қуролга айланиши мумкинлиги айтилган.

«Марказий банк шу энг ёмон қарздорлар тоифаси қўлига нима бериб қўйганини, банклар ва микромолиялаш ташкилотлари бошига қанақа кулфат яратганини жуда тез орада англайди. Лекин кеч бўлади», — деган мутахассис.

Отабек Бакировнинг айтишича, хато дарҳол тан олиниши, тавсиялар чақириб олиниши ва бекор қилиниши зарур. Шунингдек, Адлия вазирлиги тавсияларга нисбатан ўз муносабатини билдириши керак, агар Марказий банк тавсиялардаги қоидаларни кучга киритишни истаса, аввало бу жамоатчилик, экспертлар, қарздорлар, кредиторлар билан муҳокамалардан кейингина қонун даражасида қабул қилиниши керак. Шунда ҳам аввал Ўзбекистонда коллекторлик фаолияти легаллаштирилиши зарур, деб ҳисоблайди молиячи.