Халқаро бокс ассоциацияси ўзбекистонлик афсонавий боксчи Руфат Рисқиевни автомашина билан тақдирлади. Бу ҳақда Халқаро бокс ассоциацияси хабарига таяниб, ЎзА ёзмоқда.

Фахрий спортчига махсус сертификат ҳамда «Malibu 2» автомобилини IBA раҳбари Умар Кремлев топширди. Шунингдек, ташкилот раҳбари бокс оиласи номидан унинг меҳнатига миннатдорчилик билдирди.

Хабарда келтирилишича, учрашув давомида Руфат Рисқиев Халқаро бокс ассоциацияси президентининг фахрийлар масаласида маслаҳатчиси этиб тайинлангани эълон қилинган.

Маълумот учун, бокс бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори Руфат Рисқиевга IBA томонидан умрбод 1000 доллари миқдорида маош тайинланган.

руфат рисқиев

Маълумот учун, ўзбек боксининг чинакам афсонаси Руфат Рисқиев 1949 йилнинг 2 октябрида Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон жисмоний тарбия институтида таҳсл олган. 1974 йилда 75 кг вазн тофиасида жаҳон чемпиони бўлган. 1976 йилда Олимпиада кумуш медали совриндорига айланган. «Тошкент йўлбарси» номи билан танилган боксчи Австрия, Болгария, Венгрия, Польша, Чехословакия, Югославияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби ҳисобланади. У Куба очиқ чемпионатининг 2 карра (1973, 1974) чемпиони. Боксчи «Динамо» спорт жамиятида йўриқчи, Тошкент политехника институти кафедра мудири, Республика олимпия ўринбосарлари билим юртида мураббий сифатида фаолият юритган. Руфат Рисқиев боксчи ҳаёти ва фаолияти ҳақида «Рингга чақирилади» бадиий фильмида бош ролни ижро этган. «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт хурмати» орденлари билан тақдирланган. У фаолияти давомида 189 марта жанг ўтказиб, 174 марта ғолиб, деб эълон қилинган.