Бокс бўйича биринчи жаҳон чемпионларидан бири, 1974 йилда Гаванада (Куба) бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионатида медални қўлга киритган, 1976 йилги Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори, ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев Халқаро бокс ассоциациясидан (IBA) умрбод моддий ёрдам оладиган бўлди. Бу ҳақда IBAнинг расмий сайтида маълум қилинди.

Таъкидланишича, 13 май куни IBA президенти Умар Кремлёв Тошкентда 73 ёшли боксчи билан учрашиш учун шифохонага борган. Руфат Рисқиевга чемпионлик камари ҳамда «Ғалабага бўлган ирода» мукофоти топширилган.

«Биз бокс оиламизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик қиламиз. Сиз афсонасиз ва бокс асосчиларидан бирисиз. Сиз туфайли ёш авлод ажойиб спортимиз билан шуғулланмоқда. IBA президенти сифатида дунё бўйлаб боксни ва улкан оиламизнинг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлашни ўз вазифам, деб биламан. IBA доирасида биз боксчиларимизга кўп ёрдам берамиз, жумладан, моддий ёрдам билан. IBA — бу бокс уйи, биз бир оиламиз», деган Кремлёв.

ЎзАга кўра, учрашув мобайнида Руфат Рисқиевнинг жаҳон бокси ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилиб, Халқаро бокс ассоциацияси томонидан 10 минг доллар миқдорида мукофот пули берилган. Мулоқот давомида Руфат Рисқиев ҳар ой IBA томонидан 1 минг доллар миқдорида рағбатлантирилиб борилиши белгиланди.

Афсонавий боксчи Руфат Ризқиев, ўз ўрнида, Умар Кремлёвга самимий миннатдорчилик билдирган.

Маълумот учун, ўзбек боксининг чинакам афсонаси Руфат Рисқиев 1949 йилнинг 2 октябрида Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон жисмоний тарбия институтида таҳсл олган. 1974 йилда 75 кг вазн тофиасида жаҳон чемпиони бўлган. 1976 йилда Олимпиада кумуш медали совриндорига айланган. «Тошкент йўлбарси» номи билан танилган боксчи Австрия, Болгария, Венгрия, Польша, Чехословакия, Югославияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби ҳисобланади. У Куба очиқ чемпионатининг 2 карра (1973, 1974) чемпиони. Боксчи «Динамо» спорт жамиятида йўриқчи, Тошкент политехника институти кафедра мудири, Республика олимпия ўринбосарлари билим юртида мураббий сифатида фаолият юритган. Руфат Рисқиев боксчи ҳаёти ва фаолияти ҳақида «Рингга чақирилади» бадиий фильмида бош ролни ижро этган. «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт хурмати» орденлари билан тақдирланган. У фаолияти давомида 189 марта жанг ўтказиб, 174 марта ғолиб, деб эълон қилинган.