Россия президенти Владимир Путин август ойида Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтадиган БРИКС саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда Жанубий Африка президенти Сирил Рамафос сайтида хабар берилди.

«Ўзаро келишувга кўра, саммитда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин иштирок этмайди, бироқ Россия Федерациясидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров вакил бўлади», — дейилади хабарда.

ЖАРга сафари Путиннинг Гаагадаги Халқаро жиноий суди (ХЖС) март ойида украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айбланиб, ҳибсга олиш учун ордер берганидан кейинги илк расмий хорижий ташрифи бўлиши мумкин эди.

ЖАР Рим статути иштирокчиси ва Путин ушбу мамлакат ҳудудига келса, давлат расмийлари ордер асосида ҳибсга олишга мажбур қилувчи ХЖТ юрисдикциясини тан олади.

Сўнгги бир неча ой ичида ЖАР Россия билан Путиннинг саммитдаги иштироки формати бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ мамлакат ҳукумати Москвага Россия делегациясига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилишни таклиф қилгани, кейин эса рад этилгани маълум бўлган эди.

«Биз Рим статути билан боғланганимизни тушунамиз, лекин биз кимнидир таклиф қилиб, кейин уни ҳибсга ололмаймиз», дея тушунтирди ЖАР вице-президенти Пол Машатиле. У агар Путин келмаса, ЖАР хурсанд бўлишини қўшиб ўтди.

Июнь ойида Жанубий Африка президенти ҳам ХЖСга мурожаат қилиб, мамлакатга Россия Федерацияси президенти келган тақдирда ҳибсга олинмасликка рухсат беришни сўраган эди, чунки ҳибсга олиш уруш эълон қилиш билан тенг бўларди.

Рим статути — Халқаро жиноят судини таъсис этган халқаро шартнома. Суд геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, уруш жиноятлари ва тажовуз жиноятлари каби жиноятлар бўйича юрисдикцияга эга. Шартнома 123 давлат томонидан ратификация қилинган. Ўзбекистон 2001 йил 28 июнда Рим статутини имзолаган, бироқ уни ратификация қилмаган.