Гаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС)нинг судолди палатаси Украинадаги вазият нуқтаи назаридан икки шахс — Владимир Путин ва Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди, деб хабар бермоқда БМТ ахборот хизмати.

«Жаноб Владимир Владимирович Путин, 1952 йил 7 октябрда туғилган, Россия Федерацияси президенти, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан аҳолини (болалар) ноқонуний депортация қилиш ва аҳолини (болалар) Россия Федерациясига ноқонуний олиб ўтиш каби ҳарбий жиноятлар учун жавобгардир, — дейилади суд баёнотида. — Жаноб Путин юқорида қайд этилган жиноятлар […] ҳамда ушбу ҳаракатларни содир этган ёки содир этилишига йўл қўйган фуқаролик ва ҳарбий бўйсунувчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун шахсий жиноий жавобгарликка тортилишига ишониш учун етарли асослар мавжуд».

ХЖС РФ президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Белова ҳам Украинанинг босиб олинган вилоятларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш кўринишидаги ҳарбий жиноятни содир этганлик учун жавобгар бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Халқаро жиноий суд мустақил, доимий суд органи бўлиб, 1998 йил 17 июлда Италия пойтахтида бўлиб ўтган конференцияда имзоланган Рим статутига мувофиқ ташкил этилган. Унинг ваколати Рим статути кучга кирган 2002 йил 1 июлдан кейин содир этилган барча энг оғир халқаро жиноятларга тааллуқлидир. Суднинг юрисдикцияси геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари билан чекланган.

Украина ҳисоб-китобларига кўра, Россия 16 мингдан ортиқ болани мамлакатдан олиб чиқиб кетган.

Яқинда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ташкил этилган Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссия Женевада ўзининг биринчи ҳисоботини тақдим этди. Унда айтилишича, Россия Украинада уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин бўлган қонунбузарликларни содир этмоқда. Ҳарбий жиноятларнинг давом этиши, инфратузилмага ихтиёрсиз ҳужумлар, мунтазам ва кенг кўламли қийноқлар халқаро ҳуқуқ нормаларини менсимасликдан далолат беради, дейилади ҳисоботда.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг муносабати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова: «Халқаро жиноий суд қарорлари мамлакатимиз учун, жумладан, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам ҳеч қандай маънога эга эмас», дея маълум қилди.

«Россия Халқаро жиноят судининг Рим статутига аъзо бўлмагани учун у бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди», — деди у.

Бир неча кун олдин Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Россия Халқаро жиноят судини тан олмаслиги ва унинг юрисдикциясига кирмаслигини айтган эди.