Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев октябрдаги президентлик сайловлари ва унда иштирок этувчи партиялар ҳақида фикр билдирди. У бу ҳақда BBC`га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бу йилги сайловлар ҳозирданоқ кўриниб турибди, аввалги сайловлардан фарқи шу бўладики, бизда аста-секин партиялар ўзгармоқда. Мен Сенат аъзоси сифатида партия раҳбарларининг ҳар бири билан учрашганман, уларнинг фаолиятини кузатиб бораман. Айтиш мумкинки, ҳозирги партияларда интилиш бор, ўзининг ёнашувини, дунёқарашини белгилаш, биринчидан, бошқа партияларга нисбатан ўзининг таклифларини шакллантириши кўриниб турибди», — дейди у.

Содиқ Сафоев партияларнинг ҳар бирининг сўзи борлиги кўриниб турганлигини таъкидлади.

«Лекин бу тўлақонли эмас, ҳаммамиз тушунамиз. Сиёсий партияларнинг фаоллашуви бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Иккинчидан, ҳар бир партиянинг ҳукумат, ҳукумат раҳбарига танқидий ёндашувини ҳам биз кўриб турибмиз. Улар парламент мажлисларида ҳам ўз фикрини айтмоқда, сайловолди дастурларида ҳам аниқ таклифлари бор», — дея қўшимча қилади у.

Сенат раиси ўринбосари «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказилмагани ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Ўша партия керак бўлган 20 минг овоздан икки баравар камроғини йиғган. Ҳеч ким уларга имтиёз бериб, агар қонунни бажармаган бўлса, „майли“, деб кўз юмолмайди. Қонун бу қонун. Қонунни бажариш керак. Ҳеч ким табиий мухолифатни ўзи тузиб бермайди, у табиий келиши керак. Мен ўйлайман, бу жараёнлар бошланган, ҳукумат учун, парламент учун, жамиятимиз учун энг муҳими мана шундай ички мухолифатимиз табиий равишда вужудга келиши, ривожланиши учун қонуний ва ташкилий имконият яратиб берилиши керак», — дейди у.

Содиқ Сафоев мухолифат — бу қандайдир «қулай, енгил тозалайдиган нарса» эмаслигини, мухолифат — доимо кураш эканлигини таъкидлади.

«Мен ўйлайманки, бугун Ўзбекистонда ҳамма тушунади, мухолифат — бу жамиятнинг барқарор ривожланишининг асосий факторларидан бири. Бусиз, танқидсиз яъни, айтайлик, қандайдир бир альтернатив фикрларсиз, жамият ривожлана олмайди. Мен шуни айтишим керакки, бугун Ўзбекистоннинг жамияти мухолифат бўлишидан манфаатдор. Мухолифат қонуний ва қонун талабига риоя қилган, бугун ҳеч ким мухолифатни қўпорувчи куч сифатида тан олмайди ва кимдир шундай қилса, бу нотўғри. Биз ҳаммамиз биргаликда ОАВда ҳам, парламентда ҳам, жамоатчилик шу тизимли мухолифатни барпо этиш устида ишлашимиз керак ва унга шароит яратишимиз керак. Бу сўзсиз қабул қилинадиган ақида», — дейди.

Содиқ Сафоев «эски ақида»ни эслатиб ўтди — «ҳокимият берилмайди, ҳокимият учун курашиш керак». Унинг фикрича, бу ерда имконият бўлиши керак, «яъни мухолифатга қарши тазйиқ ёки ғайриқонуний ҳаракатлар бўлиши керакмас».

«Лекин мухолифат ҳам сиёсий онги, сиёсий фаоллиги, сиёсий довюраклиги орқали жамиятда ўз ўрнини топиши керак. Энг муҳими, биз ҳаммамиз бунга қарши эски, алмисоқдан қолган, Совет вақтидан қолган усуллар билан қаршилик кўрсатишимиз керак эмас, имкониятларни яратиш керак. Мухолифат ҳар бир жамият учун муҳим нарса. Мухолифат борми йўқми? Бор, оммавий ахборот воситаларини олайлик, бу ниҳоятда муҳим мухолифат бугун. Ҳокимиятни, президентни, парламентни ҳар бир ҳаракатига улар баҳо беряпти», — дея қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган эди. Вазирлик аризалар ва илова ҳужжатлари тегишли қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинганлигини таъкидлаган эди. Ўзбекистонда партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг фуқаро имзоси талаб қилинса, «Ҳақиқат ва тараққиёт» партияси 9,8 минг имзо йиғган.