12 июль куни Бишкек шаҳар суди Қирғизистон Маданият вазирлиги ва «Азаттиқ Медиа» ўртасидаги келишув битимини тасдиқлаб, нашрни ёпиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. «Азаттиқ» радиоси — Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) сайтида бу ҳақда сўз боради. «Азаттиқ» сайти Ўзбекистонда очилмайди.

Нашрнинг хабар қилишича, судга даъво киритилишига сабаб бўлган видео ҳозирда RFE/RL сайтларида мавжуд эмас, чунки медиакорпорация ресурсларида контентни сақлаш бўйича умумий протоколларга киритилган ўзгаришлар туфайли материаллар «чексиз сақланмайди».

«Суднинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорини инобатга олган ҳолда [Маданият] вазирлик Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлигига „Азаттиқ“ сайти фаолиятини қайта тиклаш зарурлиги ҳақида хат юборади», — дейилади хабарда.

Қирғизистон Маданият вазирлиги, ўз навбатида, «Азаттиқ Медиа» вазирлик судга беришига сабаб бўлган қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги видеони «барча манбаларида ўчириб ташлаганини» маълум қилди.

«Азаттиқ»ни ёпишга қандай уринишди?

Маданият вазирлигининг судга даъво киритишига «Настоящее время» («Ҳозирги замон» — RFE/RL холдинги таркибига кирувчи) телеканалининг 2022 йил 16 сентябрда «Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида оғир жанглар» сарлавҳаси остида лавҳа чиқарилиши сабаб бўлган. Маданият вазирлигига кўра, материалда Қирғизистоннинг «миллий манфаатларига зид» «нотўғри маълумотлар» мавжуд.

Маълумот учун: 2022 йил сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада ҳарбий можаро келиб чиққан, натижада жами 94 киши ҳалок бўлган, 150 дан ортиқ киши жароҳатланган эди. Томонлар ҳужумда бир-бирини айблади.

Март ойида Human Rights Watch ташкилоти ҳар икки давлат кучлари тинч аҳолини ўлдириш ва яралашда иштирок этгани ҳамда уларнинг ҳаракатлари уруш жинояти бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳисобот эълон қилди.

«Настоящего времени» репортажида журналистлар можаронинг ҳар икки томонидаги манбалардан фойдаланган, шунингдек, Тожикистондаги одамларга сўз берган, деб ёзади BBC.

2022 йил октябрь ойи охирида Маданият вазирлиги нашр видеоматериални олиб ташламагани учун «Азаттиқ» радиоси сайти фаолиятини икки ойга тўхтатиб қўйди. Вазирликнинг билдиришича, материалда «қирғиз томонининг Тожикистонга ҳужум қилгани ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотлар» «фуқаролар ўртасида нафрат, камситиш ва бўлинишга сабаб бўлади». Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси талаби билан «Азаттиқ Медиа» аккаунтлари блокланди.

Декабрь ойида Маданият вазирлиги нашр материални олиб ташламагунча, «Азаттиқ» блокланиши муддатини узайтиришга қарор қилди. Январь ойида эса «Азаттиқ Медиа» устидан судга мурожаат қилиб, ташкилотни ёпишни талаб қилди.

Апрель ойида Бишкекнинг Ленинский туман суди Маданият вазирлигининг «Азаттиқ»нинг ОАВ сифатида фаолиятини тугатиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди.

Amnesty International ташкилоти «Азаттиқ»нинг ёпилишини Қирғизистонда «сўз эркинлигига жиддий зарба» деб атади.

«Қирғиз расмийларининг „Азаттиқ“ радиоси томонидан эълон қилинган видео нафратни тарғиб этаётгани ҳақидаги даъвоси фақат мустақил оммавий ахборот воситаларини ёпиш учун ёлғон баҳона бўлди», деди ўша пайтда Amnesty International ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса «Азаттиқ»нинг ёпилиши «мамлакат мустақил матбуоти учун даҳшатли сигнал бўлиб, Қирғизистон расмийлари ўз мамлакатини қайси йўналишга олиб кетмоқчи экани борасида жиддий саволлар туғдиради», дея маълум қилди.

Келишувга эришилгани бўйича муносабатлар

Қирғизистон президентининг матбуот котиби Садир Жапаров Эрбол Султанбаевнинг қайд этишича, «Азаттиқ Медиа» ва Маданият вазирлиги ўртасидаги тинчлик келишуви «яна бир бор мамлакатда ҳеч ким сўз эркинлигини бузмаслиги ёки у ёки бу ОАВни камситмаслигидан дарак беради».

Унинг сўзларига кўра, Жапаров «Азаттиқ» радиосининг янги бош директори Жеффри Гедминдан чегарадаги можарога оид материаллар ҳозирда мавжуд эмаслиги ҳақида хат олган.

Султанбаевнинг қўшимча қилишича, «ёлғон маълумот тарқатишни тақиқловчи мамлакат қонунларига истисносиз ҳамма риоя қилиши керак». «Мен ҳар доим айтганман ва такрорлайман — бизда сўз эркинлиги бор эди, бор ва бўлади», — деб ёзади у.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам суднинг «Азаттиқ Медиа»га қарши ишни бекор қилиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди.

«„Азаттиқ“ радиосининг қайта очилиши матбуот эркинлиги учун муҳим ва Қирғизистон Республикасида барча овозлар эшитилишини таъминлаш учун тўғри йўналишдаги қадамдир», — дейилади элчихона баёнотида.