Наманганда нашида ва бошқа ақидапарастлик ғоялари акс этган видеоларни тарқатганликда гумонланган эркакка жорий йилнинг январь ойи бошларида, унинг синглисига эса апрель ойида суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Биринчи ҳолат бўйича жиноят иши Мингбулоқ туман судида кўриб чиқилган. Иш ҳужжатларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари 2022 йилнинг 27 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда 23 ёшли М.А.ни ҳибсга олади.

Унинг телефонидан Тоҳир Йўлдош, Абдуллоҳ Зуфар, Рафиқ Камолов ва бошқа нотаниш шахсларнинг диний мазмундаги материаллари чиққан. Бундан ташқари, йигит Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган «Ўзбекистон исломий ҳаракати-ЎИҲ», «Ислом жиҳоди иттиходи» ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилотларига тегишли материалларни ҳам тарқатганлиги маълум бўлган.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан, ушбу материаллар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шунингдек, уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани аниқланган. Судда айбланувчи судланувчи М.А. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, диний билимларни марҳум отаси Б.Х.дан ўрганганини айтган.

Шунингдек, у синфдоши М.М. таъсирида Абу Салох, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Бухорий, Рашод қори, Рафиқ қори, Обид қори, Абдували Мирзаев, Тохир Йўлдош ва бошқа диний мазмундаги маъруза ҳамда видероликлар орқали интернетда диний даъватлар билан шуғулланувчи қориларни маърузаларини эшитиб, улар таъсири остида Сурияга хижрат ва жиҳод амалларини бажариш учун кетмоқчи бўлганини, лекин М.М. у ерда фитналар кўп эканлиги хақида айтгач, бориш фикридан қайтганлигини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йил май ойида ишлаш мақсадида Россиянинг Қозон шаҳрига бориб, сартарошлик билан шуғулланган. Қозонда юрган пайтида Telegram ва Instagram тармоқларида шахсий профиллар очиб, яқинларига: синглиси С.А., акаси Б.А. ва синфдоши О.Қ.га юқорида исмлари келтирилган қорилар ва бошқа номаълум шахсларга тегишли диний мазмундаги маъруза ва видероликларни жўнатган.

М.А. суд залида юқорида келтирилган диний мазмундаги аудио ва видео маърузаларни яқинларига эшитиб кўришлари учун юборгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўраган.

Суд М.А.га жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деган хулосага келган.

Айбланувчи Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

6 январь куни судланувчига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. М.А.га тегишли 1 дона уяли телефон ичидаги диний мазмундаги ёзувлар тегишли тартибда ўчирилиб, МИБ томонидан баҳолатилган ҳолда давлат фойдасига мусодара қилинган.

2 февраль куни эса мазкур суд иши Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилган. Видеоконференцалоқа тизимида ўтказилган очиқ судда айбланувчининг адвокати ҳимояси остидаги М.А.нинг муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи оғирлиги, ягона боқувчи экани, отаси вафот этгани, онаси уй бекаси бўлиб, ҳеч қаерда ишламаслиги, оиласи темир дафтарга киритилганини инобатга олиб, суд ҳукмини ўзгартириш ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. Суд мажлисида М.А. бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Судлов ҳайъати ЖИБ Мингбулоқ туман судининг 6 январдаги ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топган.

Унинг синглиси, 2004 йилда туғилган С.А.га нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан ҳукм 14 апрель куни эълон қилинган. Суд ҳужжатларида келтирилишича, судланувчи С.А. интернет орқали «ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиб келган».

Хусусан, у 2021 йилнинг декабрида Telegram`дан номаълум ижрочига тегишли бўлган 04:33 ҳамда 48:46 дақиқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудиолар ҳамда «Ўзбекистон исломий ҳаракати ЎИХ» террорчи ташкилотининг 01:51 ва 04:22 дақиқадан иборат аудиоёзувларини акаси М.А. кўришини истаб, унинг Telegram`даги профилига юбориб, тарқатганлиги аниқланган.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан, ушбу маърузалар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани аниқланган.

Аввалига аёл суд мажлисида айбига иқрор бўлмаган. У ўз акаси М.А. 2021 йилда Россия Федерациясида ишлаганлиги, у телефонини уйда қолдириб кетгани, қурилмадан ўзи ва онаси фойдалангани, телефондаги Telegram мессенжерига акаси М.А. улангани ва у аэропортга киришдан олдин турли мазмундаги аудиоёзувларни жўнатганини айтган.

ИИБ ходимлари С.А.нинг телефонини текширганида, у 2021 йил декабридан 2022 йил июнига қадар акаси М.А.нинг Telegram профилига 10 та диний аудеоёзувни юборгани, акаси М.А. эса Telegram`даги бошқа бир профилга 2021 йил декабрдан 2023 апрелигача 30 дан зиёд диний мазмундаги аудио ва видео ёзувларни юборгани аниқланган.

Суд мажлисида С.А. диний мазмундаги аудио ёзувларни акаси М.А.га жўнатгани, акасидан у юборган аудио ёзувларни ўчириш ҳақида сўраганида, М.А. Ўзбекистонга боргунча ўчирмаслигини айтганини маълум қилган. Шундан сўнг қилган иши хато эканини тушуниб етгани, афсусда эканлиги ва пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Судланувчи ЖКнинг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Шунга кўра, қизга икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига кўра, аёл яшаш жойидан кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланган.

Бундан ташқари, ушбу вақт давомида қуйидаги тақиқлар қўйилган:

  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартирмаслик;
  • Наманган вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
  • алоқа воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланмаслик.

Бундан ташқари, унга тегишли бўлган телефон ақидапарастлик материалларидан тозаланиб, давлат фойдасига мусодара қилиш, аёлга тегишли профиллар тармоқлардан ўчириб ташланиши белгиланди.

Аввалроқ, «Одноклассники.ру» саҳифасида тақиқланган диний маърузага «класс» босган навоийлик аёлга 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида ёзгандик. 57 ёшли аёл бу ҳаракатни 5 йил олдин Туркияда муҳожир бўлиб ишлаб юрган пайтда содир этганлиги айтганди.

Қолаверса, YouTube`даги нашидани Telegram-гуруҳга юборган 21 ёшли йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Дин ишлари бўйича қўмита нашидада ақидапарастлик ғоялари борлигини маълум қилган. Ўшанда бу воқеа ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Аксарият фуқаролар унга нисбатан тайинланган жазони ўта оғир ва адолатсиз деб ҳисоблаганди. Ҳолат юзасидан Алишер Саъдуллаев ҳам фикр билдирганди.