2023 йил 31 май куни Жиноят ишлари бўйича Нурота тумани судида Хатирчи туманида яшовчи 57 ёшли аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳужжатларида маълум бўлишича, судланувчи 2015 йилда Истанбулга ишлагани борган. У ерда қария эр-хотинга ғамхўрлик қилиш билан шуғулланган. Аёл ўша вақтларда уйдагилари билан гаплашиб туриш учун «Одноклассики.ру»да профиль очиб, фойдаланишни бошлаган.

Аёл 2019 йил апрелда Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келган. Орадан 4 йил ўтиб, яъни 2023 йил 15 февраль куни ИИБ ходимлари уни Хатирчи тумани ИИБга қарашли милиция таянч пунктига чақирган. Аёлнинг телефони текширилиб, «Одноклассники» профилида бенамозлик ҳақидаги видеомаърузага «класс» босгани аниқланган.

Аёлнинг телефони шу куни ашёвий далил тариқасида олинган ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан ушбу маъруза диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шунингдек, уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани аниқланган.

Тергов жараёнида маълум бўлишича, аёл 2018 йилнинг февралида «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғида профиль очиб, Р.К. исмли ўзбекзабон шахснинг бенамозлик ҳақидаги видеомаърузасига «класс» белгисини босган. Шунингдек, у мазкур видеони 130 нафар виртуал дўстига тарқатган. Аёл ушбу «класс»ни Ўзбекистон ҳудудида эмас, балки Туркияда мигрант сифатида ишлаб юрганида босган.

Аёлнинг суд мажлисида айтишича, унга ушбу профилни тахминан 19 яшар А. исмли бола очиб берган. Аёл профилдан фойдаланган вақтида видеороликларга «класс» белгисини босган бўлиши мумкинлиги, аммо буни аниқ эслай олмаслигини қайд этган.

Аёл судда ўзи «класс» босган диний мазмундаги маърузалар виртуал дўстларига тарқалишини билмагани, қачон ва нима сабабдан босганини ҳам аниқ эслай олмаслигини, ҳозирда бу ишидан пушаймонлигини, ушбу ҳолат иккинчи марта такрорланмаслигини айтган. Бундан ташқари, 57 ёшли нафақахўр аёл соғлиғи яхши эмаслиги, оёқларида суяк емирилиши хасталиги пайдо бўлгани, ҳассага суяниб қолгани, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Айбланувчининг ўғли онаси билан «Одноклассники» орқали гаплашиб турганини, лекин бундай маърузага «класс» босилганидан бехабар эканини айтган ҳамда онаси учун суддан енгиллик сўраган.

Бундан ташқари, судда 2 нафар гувоҳ аёлнинг профилида юқоридаги маърузага «класс» босилганини тасдиқлаган.

Дастлабки тергов органи хулосасига кўра, аёл ЖКнинг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди — жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда тарқатишда айбланган.

Суд енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, айбланувчини «жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкинлиги» ҳақидаги хулосага келган ҳамда 244−1-модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо — 3 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Суд ҳукмига кўра, аёл яшаш жойидан кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланган. Бундан ташқари, ушбу вақт давомида:

  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик;
  • Навоий вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
  • интернетдан фойдаланмаслик каби қўшимча тақиқларни юклаган.

Аёлнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларини блоклаш юзасидан чиқарилган ҳукм ижро учун ДХХ Навоий вилояти бошқармасига юборилган.