«Катта еттилик» давлатлари (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Япония, Италия, Канада) Украина учун G7`дан ҳарбий ёрдам ва хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги декларацияни имзолади. Декларация 12 июль куни НАТОнинг Вильнюсдаги саммитида қабул қилинди.

«Биз Украина хавфсизлиги Евро-Атлантика минтақаси хавфсизлигининг ажралмас қисми эканини тасдиқлаймиз», — дейилади ҳужжатда.

Декларацияга кўра, G7 давлатлари Украина учун хавфсизлик бўйича «аниқ, икки томонлама ва узоқ муддатли» мажбуриятларни ишлаб чиқиш ниятида. Бунинг учун учта асосий йўналиш мавжуд:

  • «Украинани айни дамда ҳимоя қилиш ва келажакда Россия агрессиясини тўхтатиш»га қодир қуролли кучларни яратиш. Бу замонавий қурол-яроғларнинг доимий таъминланиши билан боғлиқ бўлади (ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия, узоқ масофали зарба берувчи қуроллар ва зирҳли транспорт воситаларига устуворлик берилади); Украина ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш; украин ҳарбийларини тайёрлаш; разведка соҳасидаги ҳамкорлик; киберхавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатиш;
  • Украина иқтисодиётини мамлакатни тиклаш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш орқали мустаҳкамлаш;
  • Россиянинг жорий босқинининг оқибатларини бартараф этиш учун Украинага техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш.

Украина, ўз навбатида, қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олди:

  • турли соҳаларда, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд-ҳуқуқ тизими фаолияти, коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни давом эттириш;
  • қуролли кучлар устидан фуқаролик назоратини кучайтириш ва мудофаа институтларида шаффофликни таъминлаш орқали мудофаа ва армияни модернизациялаш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш.

«Бу хавфсизлигимизни таъминлаш учун мутлақо янги имкониятларни яратади», — деди Украина президенти Владимир Зеленский декларацияни эълон қилиш маросимида.

Кремлда G7 давлатларининг Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши «Россия хавфсизлигига тажовуз» дея баҳоланди. «Бу салбий оқибатларга олиб келади ва Европани узоқ йиллар давомида янада хавфлироқ қилади», — дея баёнот берди Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Вильнюсдаги саммитда НАТОга аъзо давлатлар ҳам «Украина келажаги НАТОда» деган коммунике қабул қилди, бироқ мамлакат «иттифоқчилар рози бўлган ва шартлар бажарилгандагина» иттифоққа қўшилиш таклифини олади. Шу пайтгача НАТО Украинани аъзолик масаласида қўллаб-қувватлашга ваъда бериб келмоқда.

Шимолий Атлантика альянси давлатлари биринчи йиғилиши Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО-Украина кенгашини тузишга қарор қилди. Натижада Украина учун альянсга қўшилиш бўйича Ҳаракатлар режаси бекор қилинди, бу унинг НАТОга кириш жараёнини тезлаштиради.