Ўзбекистонда 1 октябрдан эксклюзив ҳуқуқлар берилган тадбиркорлик субъектлари реестрини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 июлдаги фармонида назарда тутилган.

Бу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади.

Қўмита битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлаши ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаши керак.

Рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади.

Давлат органлари давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолашдан ўтказиш учун Рақобат қўмитасига мажбурий тартибда киритади.

Товар, молия ва рақамли бозорда устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг расмий веб-сайтларида сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг монопол турлари бўйича намунавий шартномаларни (оферталарни) жойлаштиради. Бунда, Рақобат қўмитаси бу шартномаларни доимий равишда рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган шартлар киритилганлиги ҳолатлари юзасидан ўрганиб боради.

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитасининг ходимлари давлат харидлари, шу жумладан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, давлат-хусусий шериклик ҳамда ишончли бошқарувга бериш соҳаларидаги танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди.

Рақобатга қарши ҳаракатларга чек қўйишда иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда, профилактик тушунтириш тадбирларини амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, Рақобат қўмитаси томонидан «Биз сизни эшитамиз» лойиҳаси жорий қилинади ва бу лойиҳа доирасида ҳар чоракда камида битта тармоқдаги тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан учрашув ўтказиш, рақобатга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тизими йўлга қўйилади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ташаббусларни рағбатлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни методологик қўллаб-қувватлаш, техник кўмак тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш орқали жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилинади.

Қўмита 1 сентябрга қадар хўжалик юритувчи субъектлар рақобатига салбий таъсирни камайтиришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича ҳужжат лойиҳасини киритиши керак. Шу билан бирга, қўмита эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситмаслик қоидаларини жорий этиши зарур бўлади.

Ташкилотга 20 декабргача амалга оширилаётган лойиҳаларни таҳлил қилган ҳолда табиий монополияларнинг фаолияти мустақил регуляторлар орқали тартибга солинишини йўлга қўйиш, шунингдек, табиий монополияларнинг тарифларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини ялпи хатловдан ўтказган ҳолда мақбуллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, истеъмолчиларга мамлакат истеъмол бозорида муомалада бўлган товарлар (ишлар ва хизматлар) тўғрисида маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини берувчи «Товар тўғрисида маълумот» ахборот тизими ва мобил иловасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Рақобатни ривожлантириш жамғармаси ўз маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғарма сифатида фаолият юритади.

Аввал хабар берганимиздек, эндиликда Рақобатни ривожлантириш қўмитаси яна президент ва Сенат олдида ҳисобдор бўлади. У ўз ваколатларини давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади.

Биз шунингдек, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ҳам таҳлил қилиб чиққандик. Ҳужжатга иқтисодий концентрация операциялари мезонлари ва ҳукмрон мавқени аниқлаш шартларини қайта кўриб чиқувчи монополияга қарши комплаенс тушунчаси киритилган.