Президентнинг 6 июль кунги фармони билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз фаолиятида бевосита президентга ва Олий Мажлис Сенатига ҳисобдор этиб белгиланди.

Қўмита монополияга қарши республика органи бўлиб, ҳар йили иқтисодиётда рақобат муҳити ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида ҳисобот бериб боради. У ўз ваколатларини давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади.

Рақобат қўмитаси ходимларига нисбатан қайта ташкил этилган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиб қолади.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади ва ушбу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади;
  • Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;
  • рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади;
  • давлат органлари давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рақобат муҳитига уларнинг таъсирини баҳолашдан ўтказиш учун Рақобат қўмитасига мажбурий тартибда киритади;
  • товар, молия ва рақамли бозорда устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг расмий веб-сайтларида сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг монопол турлари бўйича намунавий шартномаларни (оферталарни) жойлаштиради. Бунда Рақобат қўмитаси ушбу шартномаларни доимий равишда рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган шартлар киритилгани ҳолатлари юзасидан ўрганиб боради;
  • асосий фаолияти табиий монополия шароитида товар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар табиий монополиялар соҳасида фаолият олиб борганда улар табиий монополия субъектлари ҳисобланмайди. Бунда, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар (тарифлар) асоссиз оширилиши ёки нотўғри қўлланиши, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларининг камситилишига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланилади;
  • манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитасининг ходимлари давлат харидлари, шу жумладан, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, давлат-хусусий шериклик ҳамда ишончли бошқарувга бериш соҳаларидаги танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди;
  • рақобатга қарши ҳаракатларга чек қўйишда иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда профилактик тушунтириш тадбирларини амалга ошириш тартиби жорий этилади;
  • Рақобат қўмитаси томонидан «Биз сизни эшитамиз» лойиҳаси жорий қилинади ва ушбу лойиҳа доирасида ҳар чоракда камида битта тармоқдаги тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан учрашув ўтказиш, рақобатга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тизими йўлга қўйилади;
  • рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ташаббусларни рағбатлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни методологик қўллаб-қувватлаш, техник кўмак тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш орқали жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга мамлакат истеъмол бозорида муомалада бўлган товарлар (ишлар ва хизматлар) тўғрисида маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини берувчи «Товар тўғрисида маълумот» ахборот тизими ва мобил иловасини ишлаб чиқиб, босқичма-босқич давлат органлари ва электрон ҳукумат ахборот тизимлари билан интеграция қилади.

Қўмита ва унинг тизим ташкилотлари мутахассислари ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари монополияга қарши курашиш ва рақобатни ривожлантириш соҳаси бўйича илғор хорижий давлатларга қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларида ўқиш ва тажриба алмашиш учун юборилади.

Ҳужжат билан Рақобат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ ва табиий монополия, жумладан, электр энергияси, табиий газ, темирйўллар, фуқаро авиацияси, аэропорт хизматлари, автомобиль йўллари ва телекоммуникация соҳаларида мустақил бозор регуляторлари институтини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича таклифи маъқулланган.

2025 йил 1 январга қадар Рақобат қўмитасининг табиий монополия субъектларининг тарифларини тартибга солиш ва назорат қилиш функциялари босқичма-босқич ташкил этиладиган мустақил бозор регуляторларига ўтказилади.

Бундан ташқари, Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси (маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда) юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғарма сифатида фаолият юритиши белгиланди.