Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилиши сентябрь-октябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов Женевада ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлар вакиллари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш масалалари бўйича учрашувлар ўтказди.

«Ташриф давомида делегация ЖСТ Котибияти билан биргаликда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини шартли равишда 2023 йил сентябрь-октябрь ойларида ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўпламини тайёрлади», — дейилади хабарда.

Нгози Оконжо-Ивеала, шунингдек, ЖСТ ташкилотга аъзо давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга техник кўмакни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу нуқтаи назардан, томонлар бир қатор халқаро маслаҳатчилардан эксперт ёрдамини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошланган ва бу йиғилиш тўртинчиси бўлган эди. ЖСТнинг 2022 йилдаги бешинчи йиғилиши олдидан ўтказилган конференцияда сўзга чиққан ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ЖСТ аъзоларини янада мослашувчан бўлишга чақирганди ва Ўзбекистон аъзо бўлиш жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканлигини таъкидлаганди.

Апрель ойида Ўзбекистон учта давлат билан мамлакатнинг ЖСТга кириши бўйича музокараларни деярли якунлагани ҳақида хабар берилганди. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат экспортини икки баравар ошириш стратегияси доирасида ЖСТга албатта аъзо бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат расмийлари 2023 йилда ташкилотга киришда сезиларли натижаларга эришади.