Сурхондарёдаги банклардан бирида амалиёт ўтаган икки нафар талаба ўзганинг пластик картасидан пул ўғирлашда айбдор деб топилди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Сурхондарёлик фуқаро ўз картасидан номаълум шахслар 75,7 миллион сўмни ечиб олгани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида амалиётчилар танишининг номига банк картаси расмийлаштириб, банк ходимларини алдаб, ушбу пулларни ўзлаштириб олгани маълум бўлди.

Шундан сўнг улар Термиз шаҳрида жойлашган банкоматларда юзларини қора кўзойнак, тиббий ниқоб ва бош кийим кийган ҳолда нақд пул ечиб олган.

Гумонланувчилар тезкор тадбирда аниқланди. Улардан ашёвий далил сифатида телефон ва банк карталари олиб қўйилди. Кейинчалик, улар 59,8 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ўз онасига ўтказиб бергани тасдиқланди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди (қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғрилик қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, материаллар судга юборилган. Айбдорларнинг бири 2 йил 3 ойга, иккинчиси 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.