10 июль куни соат тахминан 06:50 да Тошкент ҳалқа йўлининг «Абу Сахий» бозори ёнидаги қисмида 147-йўналишда ҳаракатланаётган Mercedes-Benz русумли автобуснинг мотор қисмида ёнғин келиб чиқди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, соат 7:00 да воқеа жойига ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган. У етиб келгунига қадар бозорда бўлган ўт ўчириш бригадаси мавжуд ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни ўчирган.

Ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. ФВВ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Пойтахтда автобус ёнғинлари асосан Mercedes-Benz автомобилларида содир бўлади. 2014 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабларини тушунтириб берганди, улар орасида конструктив камчиликлар ҳам қайд этилган.

2018 йилда шаҳарда содир бўлган навбатдаги ёнғиндан кейин 2008−2009 йиллардаги ушбу русумдаги автомобилларнинг ишлаши тўхтатилган. Текширувдан сўнг автобуслар йўналишларга қайтарилган. Ушбу русумдаги автобуснинг ёниши билан боғлиқ аввалги воқеа май ойида содир бўлган — ўшанда 96-йўналиш автобуси бутунлай ёниб кетганди.