21 май, якшанба куни соат тахминан 16:40 да Тошкентнинг Махтумқули кўчасида жойлашган Ашхобод боғи олдидаги бекатда 96-йўналишда ҳаракатланган Mercedes-Benz автобусида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:45 да етиб борган ва ёнғин соат 16:50 да ўчирилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Интернетда тарқалган фото-видеоларда автобуснинг бутунлай ёниб кетганини кўриш мумкин. «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси автобус 2012 йилда ишлаб чиқарилгани ва у 882,6 минг км йўл босиб ўтганини маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган, электр симлари ёниб кетган. Ҳайдовчи автомашинадаги ўт ўчиргич ёрдамида ёнғинни ўчиришга уринган, бироқ аланга кучлилиги туфайли бунинг имкон бўлмаган.

Пойтахтда автобус ёнғинлари асосан Mercedes-Benz русумли транспорт воситаларида содир бўлади. 2014 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабларини тушунтириб, улар орасида конструктив нуқсонлар мавжудлигини ҳам қайд этганди.

2018 йилда шаҳарда содир бўлган навбатдаги ёнғиндан кейин 2008−2009 йилларда ишлаб чиқарилган ушбу русумдаги автомобилларнинг фаолияти тўхтатилганди. Бироқ текширувлардан сўнг автобуслар яна йўналишларга қайтарилган.