Ўзбекистонда муддатидан олдин бўлиб ўтган президентлик сайловларида қатнашганлар сони соат 15:00 га келиб, 60,74 фоизни ташкил этди, дея маълум қилди Марказий сайлов комиссияси.

Рўйхатга олинган 19,27 млн сайловчидан 11 млн 705 минг нафари овоз берди, дейилади хабарда.

Энг кўп овоз берганлар Андижонда — 67,36%, энг паст кўрсаткич ҳамон Тошкент шаҳрида бўлиб турибди — 50,15%.

референдум-2023, сайлов-2023

референдум-2023, сайлов-2023

Соат 13:00 ҳолатида бу кўрсаткич 52,16 фоизга тенг эди. Бу вақтга келиб энг катта иштирок Жиззах вилоятида қайд этилган — 59,62%, энг ками пойтахтда — 45,1%.

Аввалроқ 28 июндан 5 июлгача бўлган муддатидан олдин овоз беришда 815,3 минг киши, шу жумладан, чет элда 180,7 минг ва мамлакат ичида 634,5 минг киши овоз бергани ҳақида хабар берилганди.

Марказий сайлов комиссиясининг иккинчи ҳисоботида сайловчиларнинг умумий сони 19,414 млн дан 19,27 млн га (-144 минг) ўзгартирилди. «Газета.uz» янгиликлар эълон қилинган пайтда комиссиядан изоҳ ололмади. Эҳтимол, биринчи хабарда техник хато бўлган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев соат 9:00 да бўлиб ўтган брифингда жорий сайловларда жами 19,5 млн дан ортиқ шахс сайловчилар рўйхатига киритилганини маълум қилганди. Бу рақам чет элдаги ватандошларни ҳам ўз ичига олиши керак.

30 апрель куни бўлиб ўтган янги таҳрирдаги Конституциявий референдумда рўйхатдан ўтган сайловчилар сони 19,722 млн ни ташкил этди, улар орасида чет элда яшовчилар ҳам бор.

2021 йилги президентлик сайловларида сайловчилар рўйхатига 20,158 млн киши киритилганди.