Миллиардер Искандер Махмудов ва ҳамкорлари томонидан асос солинган Урал кон-металлургия компанияси (УКМК) 2022 йилги ҳисоботида Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг ўғли Дониёр Комиловни ўзининг бенефициар эгаси сифатида кўрсатган. Бу ҳақда Forbes нашри хабар бермоқда.

2022 йил 14 мартда УКМК корпоратив тузилмадаги ўзгаришларни эълон қилганди — Искандер Махмудов (7,3 млрд доллар бойлиги билан Forbes рўйхатида россиялик миллиардерлар рейтингида 21-ўринда) ва Андрей Бокарев (47-ўрин, 2,7 млрд доллар) эндиликда УКМК, «Кузбассразрезуголь» бошқарув компанияси, «Восточный порт» ОАЖ ва «Ростерминалуголь» ОАЖнинг назорат қилувчи бенефициарлари эмаслигини, шунингдек, ушбу компаниялар директорлар кенгашлари таркибидан чиқиб кетишганини билдирганди."Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди.

УКМК 2022 йилги ҳисоботида Комилов Донияр Абдулазизович унинг бенефициар эгаси сифатида тан олингани ҳақида хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Дониёр Комилов 1972 йилда туғилган, МГИМО ва МДУни тамомлаган. У «Газпромбанк»нинг биринчи вице-президенти бўлиб ишлаган ва банкка тегишли бўлган «Объединённые машиностроительные заводы» машинасозлик холдинги ва унинг шўъба корхоналари директорлар кенгашлари аъзоси бўлган. 2018 йилда «Коммерсант» Дониёр Камиловга алоқадор шахслар Ўзбекистонда йилига 4 млн тоннага яқин кўмир қазиб чиқарадиган «Ўзбеккўмир» акцияларини бошқариши мумкинлигини ёзган эди.

2022 йил февраль ойида Дониёр Комиловнинг компанияларидан бири First Premium Allianc Ўзбекистондаги энг йирик спиртли ичимликлар заводини сотиб олди. Тадбиркор шунингдек, Delta Global Dynamics (тижорий фаолият ва бошқарув консалтинги), Progressgortech-Asia (Ўзбекистон аэропортларига авиакеросин етказиб берувчи, Ўзбекистоннинг 9 та аэропортида фаолият юритади) ва Metropol Group (тижорат ва бошқарув бўйича консалтинг) компанияларига эгалик қилади.

Metropol Group 2021 йил июнь ойида Тошкент марказидаги Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини 210 млрд сўмга хусусийлаштирган эди. Ҳозирда бино бузиб ташланмоқда. Бу ерда премиум тоифадаги Radisson меҳмонхонасини қуриш режалаштирилган.

УКМКнинг собиқ бенефициари Искандер Маҳмудов худди Дониёр Комилов каби Ўзбекистонда туғилган ва Тошкент Давлат университетини тамомлаган.

Forbes маълумотларига кўра, Дониёр Комилов нафақат УКМКнинг «бенефициар эгаси», балки Искандер Махмудов ва Андрей Бокаревнинг бошқа бизнеслардаги кичик ҳамкорига ҳам айланди.

Масалан, Дониёр Комилов билан боғлиқ компания 2022 йилда даромади 431 млрд рублдан (4,7 млрд доллар) ошган, ишлаб чиқариш ҳажми эса 44 млн тоннадан ортиқ кўмир (Россиядаги иккинчи ўрин) бўлган «Кузбассразрезуголь» кўмир компаниясининг 8,6 фоиз улушини сотиб олган бўлиши мумкин.

Дониёр Комиловнинг яна бир ширкати — «КТС» МЧЖ 2022 йилда Махмудов ва Бокарев билан боғлиқ бир қанча корхоналарда улушга эга бўла бошлади. Жумладан, «Холдинг Транскомпонент» МЧЖнинг 10 фоизига эгалик қилади. Бу транспорт муҳандислиги учун асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган гуруҳ ҳисобланади. Шунингдек, замонавий паст полли трамвайлар ишлаб чиқарувчи «ПК Транспортные системы» МЧЖ ҳам унинг таркибига киради.

Дониёр Комилов компанияси ҳозирда «Центральная пригородная пассажирская компания» акцияларининг 56,5 фоизига эгалик қилаётган «МПК» МЧЖнинг 10 фоиз улушига ҳам эга. Бу Москва транспорт марказида ва марказий Россиянинг тўққизта минтақасида (2022 йилда 541 млн дан ортиқ йўловчи) ишлайдиган энг йирик шаҳар атрофи темир йўл ташувчисидир. 2022 йилда ташувчининг даромади қарийб 63 млрд рублни (688,7 миллион доллар) ташкил қилди.

2022 йил охирида УКМК билан боғлиқ асосий активларнинг умумий даромади (УКМКнинг ўзи, «Кузбассразрезуголь», «Уголь-Транс» логистика компанияси, «Ростерминалуголь» ва «Восточний порти») қарийб 890 млрд рубль (9,7 млрд доллар), умумий соф фойда эса 190 млрд рублдан (2,07 млрд доллар) ошган. УМКМ Россиядаги биринчи йирик мис ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.