3−7 июль кунлари Тошкентда «Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида 5 июль куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси ва замонавий тиббиёт тизими ривожига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбир якунида «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашар экан, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тиббиёт йўналишига ўқишга киришда ҳам «суперконтракт» мавжудлигига ўз муносабатини билдирди.

«„Суперконтракт“ масаласида, албатта, фикрим ижобий эмас. Тиббиётда ўқиш осонмас. Мана, ҳозир нима учун тиббий таълимни тўлиқ трансформация қиляпмиз? [Тиббиёт йўналишидаги талаба] энди икки босқичда имтиҳон топширади. Учинчи курс тугаганидан кейин фундаменталь фанлар бўйича биринчи имтиҳонни топширади. Ушбу имтиҳонни ўша олий таълим муассасаси ўқитувчилари эмас, умуман бошқа ташкилот [вакиллари] олади. Фундаменталь фанлар имтиҳонидан ўтган талаба 4−5−6-курсларда клиник фанлар бўйича ўқитилади ва кейин иккинчи марта имтиҳон топширади. Талабанинг ҳам фундаменталь, ҳам клиник фанларни тўлиқ халқаро даражада эгаллаганидан кейин ишлашига рухсат берилади», — деди ССВ раҳбари.

Вазир журналистнинг «тиббиёт соҳасида „суперконтракт“ бутунлай йўқолиши мумкинми?» деган саволига қуйидагича жавоб берди: «Албатта, буни ҳукумат белгилаб беради. Биз ҳукуматга таклифимизни киритганмиз».

Журналист: Таклифингиз тиббиёт соҳасида «суперконтракт»ни йўқотиш бўйичами?
Амрилло Иноятов: Ҳа, шунақа.

Шунингдек, ССВ раҳбари «суперконтракт» йўқоладими йўқми, асосий эътиборни ОТМларда таълим бериш ва талабаларнинг билимини текширишга қаратиш кераклигини таъкидлади.

«Гап [талабанинг] ўқишида ва бизнинг фильтримизда. Хоҳлаган талаба ["суперконтракт"] кириши мумкин, бутун дунёда тенденция шунақа. Билими бўлса, малакаси бўлса, кириши мумкин: у «суперконтракт»га кирадими, ўз билими билан кирадими… Энг асосийси, биз фильтрни халқаро талаблар даражасида қилиб қўйсак, ўзи ҳамма [талаба] фильтрланади», — деди у.

Бундан ташқари, вазир Ўзбекистонда тиббиёт йўналишида сиртқи таълимни очиш режада йўқлигини айтди. «Тиббиёт йўналишида сиртқи таълим дунёда йўқ. Тиббиётда сиртқи деган термин бўлиши мумкин эмас. [Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида тиббиёт йўналишида] сиртқи таълим очилиши режада йўқ», — деди Амрилло Иноятов.