1 июль, шанба куни яна икки пойтахтлик велосипедчи йўл-транспорт ҳодисаларидан жабрланди. «Газета.uz» мутасаддиларнинг эътиборини тегишли велоспорт инфратузилмаси йўқлиги ҳамда Ўзбекистон кўча ва йўлларида велосипедчилар ҳар куни дуч келадиган хавф-хатарларга қаратиш мақсадида бундай ҳодисалар тўғрисида хабар беришда давом этади.

Биринчи ҳодиса Мирзо Улуғбек туманида, Темур Малик ва Ғазалкент кўчалари чорраҳасида, иккинчиси эса Юнусободдаги «Универсам» савдо маркази яқинида содир бўлган. Жароҳат олган велосипедчилар «Газета.uz»га анонимлик шарти билан тафсилотларни сўзлаб беришди. Биринчи велосипедчининг етказилган зарарни қоплаган ҳайдовчига нисбатан даъвоси йўқ. Иккинчиси эса шахсий сабабларга кўра ошкор бўлишини хоҳламаслигини айтди.

Велосипедчи A. A. Темур Малик кўчаси бўйлаб соат 20:00 да ҳаракатланиб кетаётиб, Matiz автомобили билан тўқнашиб кетган.

«Мен тўғри светофорнинг яшил чироғидан ўтиб кетдим. Қаердандир йўлнинг қарама-қарши томонидан Matiz чапга [Ғазалкент кўчасига] бурила бошлади. Шу тарзда ён томондан йўлимни тўсиб қўйди», — деди жабрланувчи.

Велосипедчи олдинги ғилдирагини автомобилнинг ён орқа қисмига уриб олган, тўқнашув кучи туфайли елкасини машинага урган, кейин эса асфальтга учиб кетган. Эркак қўли, тиззаси ва билагидаги жароҳатлар билан қутулиб қолган.

Matiz ҳайдовчиси ЙПХ ходими бўлиб чиқди. У бахтсиз ҳодисани қайд этмасликни сўраган ва велосипедни машинага юклаган ҳолда спортчини травматология марказига олиб кетган. Тиббий кўрикдан ўтиш ва керакли дори-дармонлар учун 500 минг сўм, бузилган велосипед учун ҳам 3 млнсўм тўлаган.

«Ҳайдовчи устидан ҳеч қандай шикоятим йўқ. У мени ташлаб кетмади ва савдолашмади», — деди жабрланувчи.

Бу каби ҳодиса A.A. билан биринчи марта содир бўлаётганига қарамасдан, у, бошқа велосипедчилар каби, умуман шаҳарда велосипед ҳайдаш хавфсиз эмаслигини таъкидлади.

«Агар автомагистралда велосипедчилар учун алоҳида йўлак ажратилса ва унинг бутун узунлиги бўйлаб, масалан, устунлар билан ўралган бўлса, вазиятни ўзгартириш мумкин. Хавфли ҳайдаганлик учун ҳам қаттиқроқ жазо қўлланилиши керак. Эҳтиётсиз ҳайдовчиларни 15 кунга қамоққа олиш керак», — деб ҳисоблайди жабрланувчи.

Иккинчи ҳолатда, 1 июль куни соат 19:30 ларда IBR ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнидан «Универсам» йўналишида ҳаракатланаётган вояга етмаган велосипедчи B.B ЙТҲга учради.

«Чап томонга қарадим — машиналар ёқилғи қуйиш шохобчасига кирмаётганди. Олдинга юрдим. Асфальт ҳўл эди. Сўнгги лаҳзада АЁҚШга кирадиган томондан Matiz секин чиқиб келди ва зебра устида тўхтади. Мен тормоз босдим. Асфальт ҳўллиги учун тўхтай олмадим ва бир томонга йиқилдим, велосипед эса машина томонга учиб кетди», — деди жабрланувчи.

Велосипедчининг қўли ва сони шилинган. Машинанинг эса ғилдирак қопқоғи синган. Ҳайдовчи уни олиб кетиш учун тушган, у ҳам ҳуқуқ-тартибот идораси ходими бўлиб чиқди. Эркак формада бўлган. В.В.нинг сўзларига кўра, у индамай қалпоқчани олиб, велосипедни четга сурган ва машинага ўтириб, ҳайдаб кетган.

велосипедчи, велоспорт, йтҳ

ЙТҲ содир бўлган жой.

Жабрланувчи машина рақамини эслаб қолган, лекин ариза ёзмоқчи эмас. «Менимча, сизга интервьюнинг ўзи етади. Жиддий жароҳатларим йўқ», — деди йигит.

Велосипедчининг айтишича, у аллақачон бир марта кичик ЙТҲга учраган ҳам. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда хавфсиз кўчалар йўқ.

«Велотерапия» Facebook-ҳамжамияти маъмури Юрий Храмовнинг айтишича, йўл ҳаракати ҳолати хавфли бўлгани ва велосипедчилар билан содир бўлаётган ЙТҲлар кўпайгани сабабли кўплаб триатлончилар сўнгги пайтларда машғулотларга боришдан қўрқишмоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» 18 июнь куни Тошкент-Чорвоқ йўлида велосипедчи Николай Сдержиковни машина уриб кетгани ҳақида ёзган эди. Ҳайдовчи ёрдам бериш учун тўхтамади. Ушбу маршрутда велосипедчилар мунтазам равишда урилади.

Май ойи охирида шу ерда велоспорт бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони Анна Кускова билан ҳам ЙТҲ юз берди. У жамоадоши билан Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ҳайдаб кетаётган бўлган. Кўчанинг Тошкент-Чорвоқ автомобиль йўли билан кесишган чорраҳасида автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланган жойда бир машина орқага бурилиб, уни уриб юборган.

Анна Кусковани 2022 йил сентябрида ҳам машина уриб юборган эди. Ўшанда спортчи жуда оғир жароҳатлар олганди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеа содир бўлган вақтда ҳайдовчи телефонга қараб турган.