Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги Turon World Cooperation хусусий бандлик агентлиги орқали Германияга ишлаш учун бориб, оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

Блогер Никита Макаренконинг хабарига кўра, 300 га яқин ўзбекистонлик ёшлар уларни Германияга ишлашга юборган фирманинг «қурбони бўлган» ва фирма шунчаки «ғойиб бўлган». Унинг сўзларига кўра, ёшларга Ferienjob дастури (Американинг Work and Travel дастури аналоги) бўйича ишга жойлаштириш ваъда қилинган. «Ҳозир улар вокзалда тунамоқда, нима қилиш кераклигини билмайди», — деб ёзган у.

Расмийларнинг муносабати

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигиининг аниқлик киритишича, Turon World Cooperation бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда май-июнь ойларида Германияга 102 нафар талабани жўнатган, бироқ бу мамлакатга келган талабаларни иш билан таъминлашда муаммолар юз берган.

Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинади, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик фуқароларни хорижда ишлашга жалб қилиш лицензия талаб қиладиган фаолият эканини эслатди. Бугунги кунга қадар 9 та хусусий бандлик агентлиги, жумладан, 2020 йил 25 ноябрда лицензия олган Turon World Cooperation ушбу рухсатга эга.

Қайд этилишича, жорий йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг NoVo Agency ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида 310 нафар талаба Work and Travel дастури бўйича Германияга бориб, ишга жойлашди, яна 39 нафар талаба тез орада виза олиши керак. Бу талабалар томонидан ҳеч қандай шикоят бўлмаган, дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги Германияга келган, «иш топишдаги муаммолар ва етарли молиявий ресурслар йўқлиги сабабли» Мюнхен марказий вокзалида тунашга мажбур бўлган фуқаролар ҳақида маълумот олганини билдирди.

«Ўзбек дипломатлари „Ҳумо“ ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига зудлик билан етиб борди ва ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳамкорликда 35 нафар Ўзбекистон фуқаросига ушбу ҳудудда вақтинча яшаш учун зарур ёрдам кўрсатди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Бош консуллиги вазиятни ўз назоратига олди ва ваколатли органлар билан биргаликда вазиятни бартараф этиш чораларини кўрмоқда, дейилади дипломатик миссия хабарида.

Turon World Cooperation изоҳи

Turon World Cooperation ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотлар «баъзи кимсалар томонидан аввалдан режалаштирилган ва тайёрланган»ини даъво қилмоқда.

«Берилган маълумотларнинг деярли ҳаммаси ёлғон, яъни нотўғри маълумотлар. Уялмасдан, 300 киши кўчада қолган, дейишмоқда, бу асоссиз. Ҳатто Turon World`нинг лицензияси йўқ, дейишяпти. Буларнинг барчаси, албатта, ёлғон. Кўпгина медиа каналлар бу маълумотни пул эвазига тарқатмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, баъзилар ўз агентликларини ҳам реклама қилишга улгурди», — дея таъкидлади компания.

Turon World Cooperation ўзини халқаро меҳнат миграцияси соҳасида фаолият юритувчи инсон ресурслари агентлиги сифатида таърифлаган. Компания маълумотларига кўра, ушбу агентликдан ўтган минглаб номзодлар Европа ва бошқа мамлакатларда «ажойиб шароит ва маош эвазига» ишламоқда.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, компания 2020 йил октябрь ойида 2 миллиард сўм устав капитали билан рўйхатдан ўтган.