27 июнга ўтар кечаси Россиянинг Самара вилоятида Honda ва Hyundai транспорт воситалари тўқнашиб кетди, деб хабар берди Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган — икки Қирғизистон фуқароси (1992 ва 1979 йилларда туғилган бир эркак ва бир аёл), шунингдек, 4 нафар Ўзбекистон фуқароси.

7 киши (1988, 1990, 1993, 1993, 1994, 1996, 2003 йилларда туғилган эркаклар) касалхонага ётқизилган. Бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва воқеа билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.

Қирғизистон томони бу масала Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат элчихонаси назоратида эканини маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги ватандошлар билан содир бўлган воқеалар ҳақида ҳозирча маълумот бермади.