Ўзбекистонда 2000 йиллар ўрталаридан бери давом этиб келаётган дарахтларни кесиш жараёни халқаро амалиёт учун уникал ҳодиса эмас. Ўрмонларнинг йўқ қилиниши жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида жиддий экологик муаммо бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ўрмонлар Ер сатҳининг учдан бир қисмидан-да камроқ ҳудудини қамраб олган. Ҳукуматларнинг дарахт ўтқазиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, инсоният ҳар йили 15−18 миллион гектар ўрмонни йўқ қилмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун давлатлар дарахтларни ноқонуний кесишга қарши қатъий чоралар кўрмоқда. «Газета.uz» Америка, Европа, Россия ва Ўзбекистонда ўрмонларни ноқонуний кесганлик учун белгиланган чораларни таққослаб чиқди.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Ўзбекистон

БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конференцияси (COP26)га аъзо давлатларнинг 2021 йил ноябрида Глазгода бўлиб ўтган 26-сессиясида Ўзбекистон бошқа 137 давлат қаторида 2030 йилга бориб ўрмонлар кесилишини тўхтатиш ва уларни қайта тиклаш мажбуриятини олган эди.

Ўшандаёқ «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида республика бўйлаб ҳар йили 200 млн дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш вазифаси белгиланган эди. Бунинг натижасида мамлакатдаги ўрмонлар майдони амалдаги 8,6 фоиздан 30 фоизгача ошиши кутилаётган эди.

Ўзбекистонда бугунги кунда яшил ҳудудларни сақлаб қолиш билан боғлиқ аҳвол фалокатли даражада. Мамлакат президенти томонидан 2022 йил январида эълон қилинган дарахтларнинг кесилишига қарши муддатсиз мораторий ушбу касалликка қарши даво воситаси бўла олмади.

Олий Мажлис Сенатининг 3 майдаги ялпи мажлисида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йили 7812 та (шундан 3428 таси қимматбаҳо турларга мансуб), 2021 йилда 8243 та (4182), 2022 йилда эса 4599 та дарахт ноқонуний кесилган.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Дарахтларни ноқонуний кесиш ва уларга зарар етказганлик учун белгиланган жазонинг кучайтирилганига қарамай, кўрилаётган чоралар экологияга етказилаётган зарарга мувофиқ эмас.

Бунда фуқароларга солинадиган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 10 баравари (3,3 млн сўм)дан 15 баравари (4,9 млн сўм)гача, мансабдорларга нисбатан эса БҲМнинг 15 баравари (4,9 млн) сўмдан 20 баравари (6,6 млн сўм)гача этиб белгиланган.

Худди шу ҳуқуқбузарликлар маъмурий чора кўрилганидан сўнг бир йил ичида такроран содир этилса (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 2-қисмига мувофиқ), фуқаролар БҲМнинг 15 баравари (4,9 млн сўм)дан 25 баравари (8,25 млн сўм)гача, мансабдорлар эса БҲМнинг 25 баравари (8,25 млн) сўмдан 35 баравари (11,5 млн сўм)гача жаримага тортилади. Айни вақтда, дарахтни кесиб олиш ёки унга зарар етказишда фойдаланилган буюм мусодара қилинади. Бундан ташқари, худди шу ҳуқуқбузарлик учун белгиланган чоралар рўйхатига 15 суткагача бўлган маъмурий қамоқ жазоси ҳам қўшилмоқда.

Саудия Арабистони

Ўрмонлар Саудия Арабистони умумий майдонининг атиги 0,5 фоизини ташкил этгани боис, бу ерда дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жиддий жарималар ва ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган.

Подшоҳлик прокуратураси 2020 йили ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун жазо чоралари кучайтирилганини эълон қилган эди. Бу мамлакатнинг 2030 йил охирига бориб экологик барқарорликка эришиш бўйича Vision 2030 режасининг бир қисми ҳисобланади.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Экологик қонунчиликка мувофиқ (8-боб, 40-модда), дарахтларни ноқонуний кесганлик, кундаков қилиб тозалаганлик ёки кўчириб ўтқазганлик, шохларини кесганлик, илдизини олиб ташлаганлик учун 30 млн риал (салкам 8 млн АҚШ доллари)гача жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. Айрим ҳолларда жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси биргаликда тайинланиши ҳам мумкин.

Агар бир йил ичида ушбу қонунбузарлик такроран амалга оширилса, жарима миқдори икки баробар оширилади. Бундан ташқари, қонунбузар етказган зарарининг оқибатларини бартараф этиши ва қонунчиликка мувофиқ товон пули (компенсация) тўлаши лозим бўлади.

АҚШ

Ўрмонлар АҚШ ҳудудининг 33,9 фоизини ташкил этади. Бу ерда ҳар бир шаҳар ва туманда Дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича низом қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат ҳудуддаги дарахтларни парваришлаш ва кесиш қоидаларини белгилайди. Мамлакатда дарахтларга хизмат кўрсатиш ва уларни парваришлаш бўйича сертификатланган мутахассислар — арбористлар (дарахтшунослар) хизмати ривожланган.

Ҳар бир шаҳар, округ ва штатда хусусий ҳудуддаги дарахтларни кесишни тартибга солувчи қонунлар бор. Амазонканинг тропик ўрмонларида кенг миқёсли дарахт ўтқазиш ишлари билан шуғулланувчи 8 Million Trees компаниясининг тушунтиришича, АҚШда берухсат дарахт кесганлик учун жарима миқдори 500 доллардан бошланиб, 10 минг долларгача етиши мумкин. Айрим ҳолларда ва баъзи штатларда энг катта жарима миқдори 100 минг долларни ҳам ташкил этиши мумкин.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

АҚШ Жиноят кодексига кўра (18-бўлим, 1853-параграф), дарахтларни ноқонуний кесганлик ёки қасддан шикаст етказганлик учун, жарима жазосидан ташқари, бир йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланиши мумкин.

Буюк Британия

Мамлакат ҳудудининг 13,2 фоизини ўрмонлар ташкил этади.

2023 йилгача ўрмонларни берухсат кесганлик учун белгиланган жарима миқдори бир дарахт танаси (пояси) учун 2,5 минг фунтни ёки қўлга киритилган ёғоч-тахта қийматининг икки баробарини ташкил этарди (бунда айнан қайси тўлов усули бўйича кўпроқ жарима чиқса, ўшаниси танланган).

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ва 2023 йил 1 январдан кучга кирган ўзгартишларга кўра, дарахтни ноқонуний кесган шахс кўчат экиб, уни 10 йил давомида парваришлаши лозим. Буюк Британияда йўқ қилинган дарахтзорларни қайта тиклаш бўйича суд қарорини бажаришдан бош тортганларга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланиши мумкин.

Ноқонуний кесиб олинган ёғоч-тахта савдоси билан шуғулланиш чекланмаган миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Франция

Континентал Франция майдонининг 28,6 фоизини ўрмонлар ташкил этади. Парижда яшил ҳудудлар пойтахтнинг атиги 9,5 фоиз майдонини банд қилган — бу Европанинг йирик шаҳарлари орасидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Францияда дарахтларни кесиш учта — Экологик, Шаҳарсозлик ва Ўрмон кодекслари билан қатъий тартибга солинган. Дарахтни ўзбошимчалик билан кесганлик учун белгиланган энг кичик жарима 1200 еврони ташкил этади.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Шаҳарсозлик кодексининг L480−4 моддасига кўра, бино қуриш вақтида дарахтларни кесганлик учун ҳуқуқбузарлар қурилиш билан банд қилинган майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун 6 минг евродан жарима тўлаши лозим. Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида, 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо ҳам қўлланилиши мумкин.

Дарахт шохларини ноқонуний кесганда эса 500 евро миқдорида жарима тўлашга тўғри келади.

Ўрмондаги диаметри 20 сантиметрдан кам бўлмаган дарахтни ўзбошимчалик билан кесиш уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки 45 минг евро миқдорида жарима билан жазоланиши мумкин.

Францияда 1982 йилдан буён Муҳофаза қилинадиган дарахтлар рўйхати юритиб келинади. Унга кероб дарахти, муго қарағайи, пўкакбоп эман, самбитгул — жами 400 турдаги ўсимлик киритилган. Муҳофаза қилинадиган дарахтларни махсус рухсатномасиз кесиш тақиқланган.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Муҳофаза қилинадиган дарахтни берухсат кесишга уриниш ёки кесиб бўлганлик ҳолати учун уч йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 150 минг евро миқдорида жарима жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, ваколатли органлар қонунбузардан янги дарахтни экиш харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Германия

Германияда ўрмонлар мамлакат ҳудудининг 32,7 фоизини ташкил этади. Ўрмон ресурслари давлатнинг қимматли мулкидир, шу боис улардан ноқонуний фойдаланиш жиноят ҳисобланади. Германия қонунчилигига мувофиқ, ўрмонларни муҳофаза қилиш давлат ва ҳар бир фуқаронинг мажбуриятидир, ушбу соҳадаги қоидабузарлар эса аҳолининг экологик хавфсизлигига путур етказишда айбланади.

Ўзбошимчалик билан дарахтларга зарар етказганлик ёки уларни кесганлик учун жарима миқдори ҳар бир федерал ер томонидан алоҳида белгиланади. Қўлланиладиган қонунчилик ва кесилган дарахт турига қараб, жарима суммаси 50 минг евродан 100 минг еврогача фарқланиши мумкин.

Германияда дарахтни қонунни бузмай кесиш учун узоқ давом этадиган бюрократик жараёндан ўтиш лозим, бу жараённи бузганлар эса 50 минг еврогача жаримага тортилиши мумкин. Шунингдек, дарахт кесишнинг федерал муддатларига ҳам риоя этиш лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича федерал қонунга кўра, мартдан октябрга қадар дарахт кесиш тақиқланган. Шохларига қушлар ин қурган ёки бошқа жониворлар яшайдиган дарахтларни кесиш эса қатъиян тақиқланган.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Ҳуқуқбузарларга табиатга етказилган зарарни қоплаб бериш мажбурияти юкланиши мумкин. Жарималар ва компенсация тўловларидан тушган пуллар ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклашга йўналтирилади.

Россия

Россия ҳудудининг 49,8 фоизи ўрмонлардан иборат.

Россия қонунчилиги, камсонли истисноларни ҳисобга олмаса, дарахтларни ўзбошимчалик билан кесишни тақиқлайди ва бундай қилмиш учун Россия Жиноят кодексининг 260-моддасида белгиланган жиддий жазо чораларини қўллайди. Бундан ташқари, кодекснинг 261-моддасида дарахт ўсишининг тўхташига сабаб бўлган ҳар қандай ташқи таъсир (бунда дарахт кесилиши ҳам шарт эмас) учун жарималарни назарда тутади.

Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори 300 минг рублдан 3 млн рублгача бўлиши мумкин. Жазонинг оғир-енгиллиги етказилган зарар ҳажми ва ҳуқуқбузарлик ҳолатига — масалан, дарахт оддий фуқаро томонидан кесилганми ёки юридий шахс, бир гуруҳ шахслар ёки хизмат мансабидан фойдаланган ҳолдами — шунга қараб белгиланади.

дарахт, дарахт кесилиши, дарахтлар, жарималар, экология, қонунчилик

Жарималардан ташқари, Россия Жиноят кодексида дарахтларни ноқонуний кесганлик учун қуйидагича жазо чоралари кўзда тутилган:

  • 480 соатдан 2 йилгача мажбурий жамоат ёки ахлоқ тузатиш ишлари;
  • Маълум бир лавозимни эгаллашга тақиқ;
  • 12 ойликдан 5 йилликгача иш ҳақи ёки бошқа кўринишдаги даромади миқдорида жарима;
  • Ҳуқуқбузарликни содир этишда фойдаланилган буюм мусодараси;
  • Етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига қўшимча тарзда қонунбузарга 100 минг рублдан 300 минг рублгача жарима тўлаш мажбурияти юкланиши мумкин.