Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — спорт журналисти, блогер Қаҳрамон Асланов.

Мутолаа ҳақида

Китоб деганда мен барибир бадиий адабиётни кўпроқ тушунаман. Илмий китобларнинг фойдаси кўпроқдир, аммо улар аксарият ҳолларда маълумот етказишнинг бир воситаси, инсонлар барибир бир кун келиб тўпланган билимларни ёзув орқали чоп этган бўларди. Бадиий адабиёт эса, фикримча, инсониятнинг ҳақиқий кашфиёти, мўъжиза — шундай эмасми?

Китоб орқали биз не-не буюк қалб ва ақл соҳибларининг улар билан бизни боғлаб турадиган умумийликлар ҳақидаги қарашларини ўқий оламиз, асрлар оша суҳбат қурамиз. Воситалар ўзгаргани билан инсоний қадриятлар, ўлим, оила, севги, нафс, бойлик, илм ҳақидаги мушоҳадаларни ўқиб, биргаликда фикр юритамиз. Китоб бизга ўзгалар фикрини қабул қилишга ўргатади, соатлаб бошқа бир инсоннинг дунёсида саёҳат қилиш, воқеаларга унинг кўзи билан боқишга, яъни тоқатга одатлантиради. Спорт жисмимизни чиниқтиргани каби китоб ўқишга ҳам фақат билим олиш ёки вақтичоғлик эмас, руҳиятни тарбиялайдиган бир машғулот сифатида қараш керак.

Иқтисодиёт ё математикага оид ёки тарихий, диний китобларни қизиққаним, эҳтиёж туфайли ўқиб тураман, аммо юқорида қайд этганимдек, маълум соҳага оид асарлар, илмий китобларни қизиққанлар шу соҳа билимдонларидан сўраб, тавсия олишлари мумкин. Шунинг учун мен тавсия учун асосан бадиий асарларни танладим — менимча китоб ўқийдиган ҳаммани бирлаштириб турадиган худуд мана шу.

Мен фақат классик услубда, яъни чоп этилган китобларни ўқишга ўрганганман. Аудиокитоблар умуман мен учун эмас, диққатни жамлай олмаганим туфайли, хаёл кетиб қолавериб, қайта-қайта ортга қайтаришга мажбур бўлганман ё ухлаб қоламан, шунинг учун бу усулдан воз кечдим. Мониторда ўқиш ҳам ноқулай, қачонки бирор асарга қизиқсаму нашриётдан чиққанини топа олмасам, мажбуран ўқишим мумкин.

Очиғи, китоб ўқишим қийинлашиб кетяпти. Менимча, ўқиган барча китобларимнинг 90 фоизини 30 ёшгача ўқиган бўлсам керак. Ёмон одатим, масалан, кунимни режалаштириб, бир кунда фалон саҳифа ёки фалон дақиқа ўқишни вазифа қилиб ололмайман. Агар бошласам, тугатгунча ўқийвераман, бошқа кўп ишлар қолиб кетади, шунинг учун ҳар сафар янги китоб бошлашим қийин. Сўнгги йилларда ўқиганларимдан қуйидаги асарлардан бошқача таъсирландим.

Сўнгги йилларда ўқилган китоблардан тавсиялар

Эрнест Ҳемингуэй. «Алвидо, қурол!». «Фан» нашриёти. 2018 йил. 337 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия, қаҳрамон асланов

Ўтган асрда инсоният ва ниҳоят тинчликда яшашга интила бошлади. Энди уруш романтика, қаҳрамонлик, ватанпарварлик эмас, умуминсоний фожиа сифатида баҳоланишида, албатта, ёзувчилар ҳам олдинги сафда бўлди. Эрнест Ҳемингуэй ушбу асарида уруш ҳақиқатини тасвирлайди. Ёзувчи шу даражада бешафқатки, беихтиёр бу воқеалар чиндан ҳам содир бўлган-у, у худди шундай ёзишга мажбур бўлган, деб ўйлаб юборасиз. Муаллиф ўз қаҳрамонларига ҳам, ўқувчисига ҳам ачиниб ўтирмайди, эҳтимол, шу йўл билан урушга бўлган нафратини изҳор қилган, шу орқали инсониятни урушнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирмоқчи бўлгандир.

Асарни ўқиётиб, қайсидир маънода Ремаркнинг «Уч оғайни» романини ҳам эсладим. Умумий жиҳатлар кўп. Ремаркнинг бошқа, «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романи кўпчиликка яқинроқ таниш, айниқса, экранизациядан сўнг кўпроқ тилга олинмоқда. Аммо «Уч оғайни»нинг «Алвидо, қурол»га ўхшашлиги шундаки, ҳар икки асар ҳам урушнинг ўзини тасвирламай туриб, бор даҳшатини кўрсатиб бера олган. Урушни яшаб ўтиш осонроқдек, атрофингизда дўст, қаршингизда душман, олдингизда мақсад… Қачондир тугайди. Аммо унинг оқибатлари тугамайди, энди инсон ўз фожиаси билан ўзи қолади. Энг ёмони, атрофингизда ҳамдард ҳам топа олмайсиз — ҳамманинг ўз дарди бор.

Ўзбек адабиётидан қидирсак, шу каби йўналишда Учқун Назаровнинг «Чаён йили» романи ҳам яхши ёзилган (сотиб олиш).

Александр Солженицин. «ГУЛАГ архипелаги». «Азбука» нашриёти. 2022 йил. 1424 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия, қаҳрамон асланов

«Дунёга келган зўравонлик оёққа туриб олгач, ёлғонга бурканиб, унинг хушомадларига маст бўлиб юраверади. У энди тўғридан тўғри кекирдакка ёпишмасдан, кўпинча тобелардан ёлғонга садоқатни, унда иштирок этишни талаб этади. Оддий мард инсоннинг оддий қадами ёлғонда иштирок этмаслик, ёлғон хатти-ҳаракатларни қўлламасликдир. Ёзувчи ва санъаткорларнинг вазифаси мураккаброқ — улар ёлғон устидан ғалаба қозонишлари лозим», — деган эди асар муаллифи Александр Солженицин Нобель мукофотининг тақдимот маросимида.

«ГУЛАГ архипелаги»да 30 йил давомида совет қамоқхоналарида зулм кўрган турли инсонларнинг ҳикоялари, турфа тақдирлар тилга олинади. Муаллифнинг ўзи ҳам 10 йил қамоқда ётгани, яъни барчаси шахсий тажриба билан бойитилгани учун ҳам асар янада ҳаққоний чиққан.

Мавзуга оид ўхшаш асарлардан Набижой Боқийнинг «Қатлнома»сини ҳам тавсия қилган бўлардим.

Антуан де Сент-Экзюпери. «Кичкина шаҳзода». «Маънавият» нашриёти. 2016 йил. 96 саҳифа.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия, қаҳрамон асланов

Бу эртакни илк бор болалигимда ўқиганман. Икки йил олдин қизларимга тавсия қилиб, олиб келдим ва қайта варақладим. Нафақат болалар, балки кўпроқ катталар ҳам ўқиши шарт бўлган асарлардан бири, деб ўйлайман.

Аслида яшаш биз ўйлаганимиздан осон, эзгу қадриятлар биз тасаввур қилганимиздан тушунарли, содда. Аслида муҳим эҳтиёжлар арзимас, кичик нарсалар бебаҳо. Баъзида барчасига бола назари билан қараб, беғубор тасаввур мезонига солибгина ўзимизни ўзгартиришимиз мумкин.

Асар Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ёзилганига эътибор берсак, муаллиф гўёки инсониятни яна болаликка чорлаётгандек, ўша соф туйғуларни асрашни тарғиб қилаётгандек (сотиб олиш).

Ёшларга тавсиялар

Инсонни умуман ёшликдан китобга қизиқтиришда болалар адабиётининг ўрни ҳам, масъулияти ҳам беқиёс. Катта асарлар тажрибали китобхонлар томонидан ўқилади, бунда, агар муштарий ёқтирмаса, бошқа китобга ўтиб кетиши мумкин. Болалар ёзувчисининг мижози эса, эҳтимол, китобни илк бор қўлига олган болакайдир — уни мана шу оламга қизиқтириш, шу ерда олиб қолиш вазифаси анча мушкул. Мен болаликдан Худойберди Тўхтабоев («Сариқ девни миниб», «Ширин қовунлар мамлакати»), Мирзакалон Исмоилий («Қайсар боланинг ҳаёти), Марк Твен («Том Сойернинг саргузаштлари») каби муаллифлар орқали мутолаага қизиққанман.

Аммо яна бир нарсани тан олиш керакки, ҳозир болалар тез улғаймоқда, кўнгилочар машғулотлар ҳам кўпроқ. Китобнинг бу рақобатда ғалаба қозониши учун ўзига торта олиш хусусияти кучлироқ бўлиши лозим. Шунинг учун ёшроқ ўқувчиларга кўпроқ сюжет жиҳатидан динамик воқеаларга бой ёки детектив асарлар қўл келади. Масалан, Александр Дюманинг ҳар қандай романи, детективлардан эса, ўша Артур Конан Дойл, Агата Кристи каби классикларни тавсия қилиш мумкин (афсуски, ўзбек адабиётида бу жанр урф эмас, хаёлга фақат Файзулла Қиличевнинг «Занжир»и ва Тоҳир Маликнинг сал мос келадиган «Чарҳпалак» романи келади). Масалан:

Агата Кристи. «Рожер Экройднинг сирли қотили». Spectrum Media Group нашриёти. 2018 йил. 256 саҳифа.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия, қаҳрамон асланов

Ажойиб роман. Бир қараганда, бошқа детектив ҳикоялардан фарқланмайди, аммо якунда ўқувчини катта сюрприз кутади. Агата Кристи бу сафар ўзига хос баён услубини яратган, маълум даражада жанр қонуниятларини бузган ҳам, аммо бу жиҳатлар асар савиясига соя сололмайди. Ҳатто ҳозир ҳам, масалан, Ҳолливуднинг кўплаб фильмларида шундай «трюк»дан фойдаланишади. Асар ҳақида ҳеч нарсани билмай, интернетдан ёки танишлардан маълумот қидирмасдан, охиригача ўқиб чиқишни маслаҳат бераман (сотиб олиш).

Мирмуҳсин. «Хўжанд қалъаси» («Темур Малик»). Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи. 2021 йил. 504 саҳифа.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия, қаҳрамон асланов

Баъзи нашрларда роман «Темур Малик» номи билан ҳам чиққан. Агар тарихимиз ҳақида қандайдир катта кино олиш керак бўлса, шахсан мен айнан шу асарни экранлаштирган бўлардим. Ростан ҳам яхши бир кино кўраётгандек тасаввур пайдо қилади, ўша даврга кириб қоласиз. Машҳур «Шерюрак»дан кам бўлмаган сюжет яратса бўлади. Умуман ўзбек адабиётида тарихий асарлар жуда ўқишли — Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар»и, айниқса, унинг давоми «Ҳумоюн ва Акбар»ни мазза қилиб ўқиганман (сотиб олиш).

Шунингдек, ўқилиши керак бўлган асарлар:

  • Фёдор Достоевский. «Ака-ука Карамазовлар», «Телба»;
  • Михаил Булгаков. «Итюрак»;
  • Анна Франк кундалиги;
  • Лев Толстой. «Иқрорнома»;
  • Маркус Зусак. «Китоб ўғриси»;
  • Жорж Оруэлл. «1984»;
  • Жейн Остин. «Андиша ва ғурур»;
  • Рэй Брэдбери ҳикоялари;
  • Чўлпон. «Кеча ва кундуз»;
  • Абдулла Қаҳҳор. «Сароб»;
  • Улуғбек Ҳамдам. «Мувозанат»;
  • Мурод Муҳаммад Дўст. «Лолазор»;
  • Ўткир Ҳошимов ва Шукур Ҳолмирзаев ҳикоялари;
  • Эркин Аъзам ва Назар Эшонқул асарлари.