Баъзида кино кўргинг келадию, лекин нима кўришни билмайсан: кинодан кўпи борми? Лекин бир тавсия бўлсаю, унга ишониб, томошани бошласанг. «Газета.uz» муштарийларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтишига кўмаклашиш ниятида «Нима кўрамиз?» лойиҳасини давом эттиради. Кино ижодкорлари, сценарийнавислар, ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, жамоат фаолларидан ҳар ҳафта «Нима кўрамиз?» деган саволга жавоб оламиз. Мақсад — кинонинг яхшисини кўрайлик, вақтимиз беҳуда кетмасин.

«Нима кўрамиз?» лойиҳасининг бу галги меҳмони — журналист Гулмира Мусажонова.

Сўнгги вақтларда кўрилган (асосан янги) фильмлардан тавсиялар

Ёшлигимда бадиий фильмларни кўпроқ кўрардим, Европага киносига ихлосим баланд эди, Италия ва Франция фильмларини жуда яхши кўрардим. Италия ва Франциянинг ҳатто комедиялари ҳам жуда яқин эди. Драмаларида оддий маиший масалаларни ижтимоий муаммо даражасига олиб чиқиши билан мени қойил қолдирарди. Шуни ҳам очиқ айтишим керакки, биз совет даврида шаклланган авлодмиз, Совет Иттифоқида суратга олинган фильмларни кўпроқ кўрганмиз.

Шундай бўлса-да, грузин кино ижодкорларининг фильмларини алоҳида қизиқиш билан кузатардим. Биз, ўзбекистонликлардан фарқли ўлароқ, улар кинода ўз миллийлигини сақлаб қололган, деб ҳисоблайман. Киноларимизда аралаш совет маданиятининг таъсири ниҳоятда кучли эди. Шу боисдан совет давридаги ўзбек киноларини миллий киноимиз дея олмайман. Ваҳоланки, ўзбек миллий киноси учун ўзбек тилида сценарийлар ёзилиб, ўзбек тилида суратга олиниши учун курашган камида уч киши бор: Рихсивой Муҳаммаджонов, Темурмалик Юнусов ва Фарҳод Мусажонов.

Сўнгги вақтларда фақат ва фақат тавсиялар, яхши тақризлар, шунингдек, жамоатчилик орасидаги муҳокамалардан келиб чиқиб кино кўряпман. Муҳокамаларга сабаб бўлаётган фильмлар — жону дилим, «бундай фильмни албатта ўзим кўришим керак», дейман, бундай фильмлар бўйича одамнинг ўз фикри бўлиши керак. Қуйида келтирилаётган сўнгги вақтларда кўрилган фильмларни ҳам айнан яхши тавсиялар, яхши тақризлар сабаб кўриб чиққанман.

«Қаҳрамон»

«Ghahreman», 2021

Бизни ўзимиз хоҳламаган ишларни қилишга, ўзимиз хоҳламаган гапларни (масалан, ёлғон) гапиришга аслида жамият мажбур қилади. Сўнг яна шу жамиятнинг ўзи бизни шу ишлар, шу гаплар учун қоралайди, суд қилади. Қайсидир давлатда, бирор бир жамиятда қонунга хилоф иш тутувчилар, қонунбузарлар, ёлғончилар кўп бўлса, бунга ўша жамиятнинг ўзи айбдор. «Қаҳрамон» — шу ҳақда. Асқар Фарҳодийнинг энг яхши фильмларидан бири.

«Ота»

«The Father», 2020

Сўнгги вақтларда кўрган фильмларим орасида менга энг қаттиқ таъсир қилганларидан. Эҳтимол, шахсий кечинмалар, ўзимга боғлиқ ҳолатлар, ўзимнинг туйғуларим сабаб шундай бўлгандир. Фильм воқеаларини ўзимдан ўтказдим, ота ва қиз ўртасидаги муносабатларнинг қайсидир жиҳатлари жуда таниш кўринди. Энтони Ҳопкинс ота ролини яхши ижро этган.

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»

«Im Westen nichts Neues», 2022

Пропаганда урушни шу қадар зўр бериб тарғиб қилавергани ортидан охири уруш бошланди. Уруш яхши нарса эмаслиги кундек аён, уни тарғиб қилиб бўлмайди. Ҳа, қаҳрамонлик, фидоийликни тарғиб қилиш мумкин. Лекин фақат Ватан ҳимояси йўлида. Қўшни мамлакатга бостириб киришга, бировнинг уйини топташга, халқига азоб беришга, болалар, аёллар, қарияларни хўрлашга ҳеч кимнинг, ҳеч қайси давлатнинг ҳақи йўқ.

Режиссёр Эдвард Бергер томонидан 2021 йил мартида суратга олиниши бошланган «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»нинг янги экранизациясини ҳам ҳамма, энг аввало, урушни оқлаётган, урушни тарғиб қилаётганлар кўриши керак. Ремаркнинг шу номли романи асосида олинган фильм, табиийки, Биринчи Жаҳон уруши ҳақида, лекин бугунги кун учун айнан бугун атайлаб олингандек, бугунги кун учун мўлжалланган фильм. Худо барибир ижодкорларнинг кўнглига бекордан-бекорга у ёки бу мавзуни солмайди, менимча.

«Кит»

«The Whale», 2022

Бу фильмни тавсия қилишгани, шунингдек, унга яхши тақризлар берилгани учун кўрдим. Боши қийинроқ, бошлаб олгунча. Бош роль ижрочиси Брендан Фрейзернинг ижроси зўр — шу ижроси учун 2022 йил якунларига кўра «Оскар» ҳайкалчасини ҳам қўлга киритди. Фильмни кўриш керак, тавсия қиламан.

«Репетиция»

2022

Ўзбек киноижодкорлари бундай фильм олади, деб ҳеч кутмаган эдим. Бошқача фильм. Режиссёр Ҳуснора Рўзматованинг бу фильмда бермоқчи бўлган ғояси, исёни, ўзгача фикрлашдан қўрқмагани мени қойил қолдирди. Аёл киши, бўлганда ҳам ўзбек аёли бўла туриб, эски маломатлар, эски таъна тошлари ёғилишидан қўрқмай шундай фильм ололгани икки карра таҳсинга лойиқ. Албатта, у ҳали ёш, лекин ундаги интилиш кишини хурсанд қилади. Фильм мукаммал эмас, шундай бўлса-да, уни кўриш керак. Кўришни тавсия қиламан.

Ҳамма кўриши тавсия этиладиган фильмлар рўйхати

Қуйида келтирилаётган рўйхатда 1-ўрин, 2-ўрин деган нарса йўқ. Уларни менга кўрсатган таъсири бўйича ўзим шундоқ ёзиб чиққанман.

«Какку уяси узра парвоз» (1975). Китоби бадиий асар сифатида яхши, лекин режиссёр Милош Форман асарни янада кучайтириб юборган. Энг зўр киноасарлардан бири. Қанчалик демократик бўлмасин, ҳар қандай давлатда бўладиган ички тизим очиб берилган, ҳаёт ҳақиқати кўрсатилан, шунинг учун ҳам одамларни даҳшатга солади;

«Зулматдаги раққоса» (2000). Мюзикл, лекин енгил-елпи кино эмас. Ҳаётдаги адолатсизликлар, инсон ожизлиги ва, афсуски, эзгулик ва адолат ҳар доим ҳам ғалаба қозонмаслиги ҳақида. Режиссёр Ларс фон Триернинг энг яхши асарларидан бири. Бир фильмни кўрсангиз, ҳафталаб унинг таъсирида юришингиз мумкин — мен бу фильмни кўрганимга анча бўлган, аммо ҳали ҳам унинг таъсиридаман;

«Велосипед ўғрилари» (1948). Жамиятда қарор топган тизим инсонни ўз виждонига қарши, қонунга хилоф ишларни қилишга мажбурлаши, оталарни уларнинг фарзандлари кўз олдида изза қилиши ҳақида. Нафақат Италиянинг, балки Европанинг энг зўр фильмларидан бири.

«Тазарру» (1984). Тенгиз Абуладзенинг бу фильм телевидение орқали биринчи марта кўрсатилганида роса шов-шув бўлган. Қатағоннинг унинг муаллифлари ва қурбонлари, шунингдек, авлодлар ҳаётига таъсири ҳақида.

«Оддий мўъжиза» (1978). Бир қарашда севги-муҳаббат ҳақидаги фильм деб ўйлайсиз, аслида жуда пурмаъно, моҳияти чуқур фильм. Фильмни томоша қилиш асносида яна бир нарсага қойил қоласан — чинакам иқтидорлар мустабид замон ва маконда яшаб ҳам иқтидордагиларни танқид қила олади, шунга журъат ва имкон топади. Бу фильмни нафақат кўриш, балки эшитиш ҳам керак.

«Шоушенкдан қочиш» (1994). Ҳеч қачон таслим бўлмаслик кераклиги ҳақида. Фрэнк Дарабонтнинг энг яхши икки фильмидан бири (иккинчиси — «Яшил маскан», уни ҳам кўриш керак — инсонийликни тарғиб қилувчи фильм). У айтмоқчики, қамоқда ўтирган ҳамма ҳам қонунбузар эмас, озодликда юрганларнинг ҳаммаси ҳам бегуноҳ эмас.

«Само фарзандлари» (1997). Болалари болага ўхшаб яшаётган жамият — соғлом. Болалари ночор, абгор, ҳатто кийгани оёқ кийими йўқ жамият — хаста. Бундай жамиятда муаммолар қалашиб ётибди ва уларни, албатта, ҳал қилиш керак. Эронлик режиссёр Мажид Мажидий барча фильмларида болалар орқали ҳаётдаги муаммоларни катталарга кўрсатиб беради. «Само фарзандлари» ҳам шундай.

«Knockin' On Heaven’s Door» (русчасига — «Достучаться до небес», 1997). Бу фильмни жуда ҳам яхши кўраман. Менимча, ҳамма кўриши керак бўлган яхши фильмлардан бири.

«Жангга фақат „қариялар“ киради» (1973). Совет даврида уруш ҳақида украин режиссёри ва актёри Леонид Биков томонидан суратга олинган фильм. Лекин унда уруш, жанг саҳналари деярли йўқ. Фақат одамларнинг ўзаро муносабатларини кўрасиз. Инсон ҳаёти — энг юксак қадрият экани, уни қадрлаш кераклиги ҳақида.

«Тўнғич ўғил» (1976). Назаримда, актёр Евгений Леоновнинг энг яхши фильми. Фильмда у энг зўрлардан бири. Унда отанинг тақдири, кечинмалари, изтироблари, дарди кўрсатилган. Совет инсонининг ҳаётини ҳам кўрасиз. Ҳамма — катталару ёшлар учун яхши фильм.

«Кўзгу» (1974). Тарковскийнинг фильмларини ҳамма кўриши керак. Мен тавсияга «Кўзгу»ни танладим. Фильм режиссёрнинг ўзи ва онаси ҳақида. Жуда самимий, жуда фалсафий фильм; бола, фарзанд нуқати назаридан кўп нарсани тушунишга ёрдам беради. Тарковскийнинг бошқа фильмлари бундан кучлироқ, лекин «Кўзгу»га меҳрим бўлакча.

«Биллни ўлдириш» (2003). Кинода имкониятлар чексизлиги, ҳар бир режиссёр унга ҳеч йўғи битта янги нарса олиб кира олиши, янги қиррани оча олишига исбот бўлган фильм. Монтажига, суратга олиш услубига қойил қоламан. Квентин Тарантино монтажни зўр ҳис қилади, мусиқани ҳамма нарса билан ҳамоҳанг қўяди. Шунчаик кўриб, мазза қилиб дам олиш учун.

«Воиз» (1999), «Ўртоқ Бойкенжаев» (2002). Иккиси ҳам режиссёр Юсуф Розиқовники, иккиси ҳам ўзбек киноси тарихида қоладиган фильм. Ўзимиз ҳақимиздаги ҳаққоний, муаммолар кўтариб чиқилган киноасарлар. Иккисини ҳам албатта кўриш керак.

«Паризод» (2012). Эркин Аъзам сценарийси асосида Аюб Шаҳобиддинов томонидан олинган ниҳоятда фалсафий асар. Аюб Шаҳобиддинов буни сал кейинроқ олганида, эҳтимол, Эркин ака аслида нмиа демоқчи бўлганини янада кучлироқ ҳис қилган бўларди, деб ўйлайман.

«Иссиқ нон» (2018). Фильм режиссёри Умид Ҳамдамовга «мана бундай, мана бундай камчиликлари бор» деганимда хафа бўлиб қолган, лекин Умидга мана шундай яхши фильм учун кўпдан кўп раҳмат айтаман. Фильмда ўзбек халқига, ўзбек аёлларига бўлган чексиз меҳр, айни вақтда ҳамдардлик кўринади. «Иссиқ нон»ни томоша қилганимда йиғлаганман — ўзимизга ачиниб йиғлаганман. Назаримда, сўнгги 10−12 йилда ўзбек киносидаги кўрганим энг яхши асар.

«Сеҳрли қалпоқча» (2012), «Сеҳрли қалпоқча 2: Сариқ девни миниб» (2014). Жуда яхши фильмлар. Ҳали ҳам қайта-қайта кўраман. Қизиқарли суратга олинган, режиссёр Сарвар Каримов қандайдир янгича ёндашув, янги об-ҳаво олиб кирган. Афсуски, замонавий ўзбек киносида болаларга мўлжалланган фильмларга ҳеч қандай эътибор берилаётгани йўқ. Бу нима деган гап?

Қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлардан тавсиялар

Қисқа метражли фильмларни жуда яхши кўраман, чунки қисқа асарга катта фикрни жойлаш қийин.

«Кўзга кўринмас болалар» номли етти новелладан иборат фильмлар туркуми бор. Етти режиссёр ҳар бири ҳар хил қитъада суратга олган. Шу туркумни, айниқса, унинг сўнгги — «Сонг-Сонг ва мушукча» номли қисмини кўриш керак. Бугунги ҳаётимиз борича кўрсатилган. Хаста жамият оёққа турмоқчи, ўзини ўнгламоқчи бўлса, ишни биринчи галда болаларга эътибордан бошлаши керак. Болаларнинг ҳаёти яхшиланса, жамият тўғриланиб кетади.

Шунингдек, Шокир Холиқовнинг «Чой» фильмини тавсия қиламан. Зўр фильм, «Биздан ҳам чиқди», деб роса хурсанд бўлгандим.

Қаерда қандай — ўзбекми, жаҳонми, фарқи йўқ — ҳужжатли фильмлар бўлса, қизиқаман, кўришга ҳаракат қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, Умид Ҳамдамовнинг «Қодирий», Нурилла Нарзуллаевнинг «Шайхзода» ва Александр Гамировнинг «Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» ҳужжатли фильмларини томоша қилишни тавсия қилган бўлардим. Жуда яхши, пухта ишланган ва маъноли фильмлар. Бунда гап фильмларга асос бўлган тарихий сиймоларнинг шахсиятида эмас, балки режиссёрларнинг маҳоратида — улар фильмни қандай қилиб зўр олиш кераклигини кўрсатиб, исботлаб берган.