Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида автотураргоҳлар учун табақалаштирилган тўлов тизимини куздан жорий этиш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Zakon.kz шаҳар ҳокими Ерболат Дасаев баёнотига таяниб.

«Биз жорий қилишни истаётган табақалаштирилган тўлов тизими бўйича: марказдаги автотураргоҳлар бутун дунёда бўлгани каби қимматроқ бўлади, марказдан узоқлашган сари ставка ҳам пасайиб боради. Шу сабабдан табақалаштирилган тарифни жорий йилнинг кузида жорий қиламиз. Умид қиламанки, сентябрь ойида биз бу ишни якунлаб, маслиҳат кўриб чиқиши ва бизни қўллаб-қувватлаши учун таклиф қиламиз», — деди Дасаев.

Шунингдек, у бу йил шаҳар маъмурияти Олмаотада ягона автотураргоҳ концепциясини тақдим этишини айтди. У шаҳарнинг барча саккиз туманини қамраб олиши керак бўлади. Автотураргоҳлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун расмийлар кўчалар бўйидаги тўхташ жойларини қонунийлаштирмоқчи.

«Олмаотада яшовчилар кўчалар бўйлаб доимий кундалик тўпланиш жойлари борлигини пайқашлари мумкин. Яъни машиналар қўйилади, лекин бу тўхташ жойи эмас. Шаҳар уларни қонунийлаштирмоқчи. Тегишли зарур инфратузилмани таъминламоқчи», — деди Дасаев.

Пулли автотураргоҳлардан тушадиган маблағлар туманлар бюджетларига улардаги инфратузилмани ривожлантириш учун тақсимланади. Олмаота раҳбарининг сўзларига кўра, шаҳарда ҳаммаси бўлиб кунига 800 мингтагача автомобиль бўлади.

Бундан ташқари, Олмаота ҳокимлиги шаҳарда механик автотураргоҳ яратиш режасини кўриб чиқмоқда. «Булар кам жой бўлган ҳовлилардаги тўхташ жойлари ҳисобланади, улар янги технологиялар ёрдамида ўртача 12 тадан 16 тагача машинани жойлаштириш имконини беради. Буларнинг ҳисобига биз йўлларни тозалаймиз», — дея қўшимча қилди Дасаев.