Berlin Economics мустақил консалтинг компанияси маслаҳатчиси Вероника Мовчан «Иқтисодий шарҳ» журнали билан интервьюсида ЖСТга қўшилмаган мамлакатларнинг импорт божлари режимига эга бўлиши маъмурий жиҳатдан фойдасиз эканини билдирди.

Эксперт монополияларнинг ролини камайтиришга қаратилган ишлар ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги, бу орада Ўзбекистон иқтисодиётида давлатнинг роли юқорилигича қолаётганини таъкидлаб ўтди.

«Бу ЖСТга қўшилишда давлат компаниялари рақобатни бузмаслиги, уларнинг тижорат тамойиллари асосида иш юритиши учун ҳам жуда муҳим. Ҳар ҳолда, бу ташқи савдога тааллуқли. Чунки кўпгина давлатлар аллақачон ЖСТга аъзо бўлган ва савдонинг қарийб 98 фоизи улар ўртасида амалга оширилади. Шу маънода, ҳали ЖСТга қўшилмаган мамлакатларнинг кичик қисми томонидан қўлланадиган импорт божлари режимига эга бўлиш маъмурий жиҳатдан фойдасиздир, чунки бу бюджет даромадларининг ўсишида қўшимча харажатлар ҳисобланади», — деди Мовчан.

Унинг айтишича, импорт божларини 20 фоизга камайтириш ЯИМнинг ҳар йили базавий траекторияга нисбатан +0,2 фоиз даражасида ўсишини таъминлайди. 50 фоизга камайтириш сценарийсида ЯИМ ўсиши +0,3 фоизни ташкил қилади. Деярли тўлиқ либераллаштириш (80%) сценарийсида эса ЯИМ базавий траекторияга нисбатан қўшимча 0,4 фоизга, фаровонлик эса +0,9 фоизга ошади.

«ЖСТга аъзолик бутун дунёга ушбу мамлакат билан ҳамкорлик қилиш мумкинлиги ҳақида сигнал бериш ва янги бозорларга, жумладан, Европага чиқиш имкониятидир. Бироқ Ўзбекистон учун бу анча қийин бўлиши мумкин, чунки логистика соҳасида баъзи муаммолар мавжуд. Шунинг учун ҳозир Европа Иттифоқига эътибор қаратиш қанчалик мантиқий экани ёки Осиёда яна нималар қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлаш керак», — деган эксперт.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ҳақида гапирганди. «Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Бизда жуда қисқа муддат бор ва унинг устида ишлаймиз», — деганди у.