17 май куни бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Ходжаев Самарқандда бўлиб ўтаётган ЕТТБ йиллик форумида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишидан олдин Ўзбекистон қўйиши керак бўлган қадамлар ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«ЖСТга кириш жуда узоқ ва мураккаб жараён. Биринчидан, биз савдо сиёсатимизни, техник регламентларни ҳамда товар ва хизматларнинг халқаро стандартларини синхронлаштирувчи қонунчиликни ислоҳ қилишни давом эттиришимиз керак», — деди у.

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, айни пайтда синхронлаштирилиши зарур бўлган кўплаб қонун ва нормалар аллақачон белгилаб олинган. Бу борада Адлия вазирлигининг ишчи гуруҳи иш олиб бормоқда.

«Бозорга кириш рақобат дегани. Биз бозор ўз ролини ўйнашини тушунамиз ва биз бу чақириқни қабул қилишга тайёрмиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Унинг сўзларига кўра, ЖСТга аъзо бўлиш нафақат бозорга чиқиш имконини беради, балки рақобатчиларга ҳам очиқ кириш имконини беради.

«Ўзингизга маълумки, кейинги 5−6 йил ичида биз янги саноат тармоқларини очдик, мавжудларини модернизация қилдик, маҳаллий тадбиркорлар, корхона ва компанияларнинг имкониятларини кенгайтирдик», — деди у.

Бош вазир ўринбосари мамлакатнинг ташкилотга қўшилиши бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида гапирар экан, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ҳақида тўхталиб ўтди.

«ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги муаммолардан бири бу давлат корхоналарини ўзгартиришдир. Биз бу борадаги ишларни бошладик, банклар, йирик компанияларни хусусийлаштиряпмиз. Давлат корхоналари ҳам бозорга чиқиш имкониятига эга бўлади, улар рақобатга киришиши ва рақобатбардош бўлиши керак. Улар янги воқеликларга кўра ҳамоҳанг тарзда ўзгариши керак», деди у.

Бундан ташқари, Жамшид Ходжаев давлат субсидиялари оладиган тармоқлар ўз ривожланиш моделини қайта кўриб чиқишга тўғри келишига эътибор қаратди.

«Иккинчидан, давлат айрим тармоқларга, масалан, қишлоқ хўжалиги ёки бошқа кўплаб соҳаларга субсидия ажратади. Шунингдек, улар ҳозир қилаётган стратегиясини қайта кўриб чиқишлари керак. Ўтган 3−4 йил ичида электроника, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди, пахтачилик тармоғи 100 фоиз хусусийлаштирилди ва энди бошқа тармоқлар билан рақобатлашишга тайёр. Ҳамкорларимиз билан музокаралар чоғида эндигина ривожлана бошлаган соҳага зарар етказмаслик масаласини ҳам инобатга оламиз», — деди у.

Жамшид Ходжаев ЖСТга аъзо бўлиш муддатлари ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Бизда жуда қисқа муддат бор ва унинг устида ишлаймиз».

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг бориши ва истиқболларига бағишланган тақдимотда шундай деганди: «Кейинги 3 йилда биз тайёр маҳсулот экспортини икки баравар оширишни режалаштирганмиз. Бунга эришишнинг ягона йўли ЖСТга аъзо бўлишдир. Бу 164 давлат билан савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларга эга бўлиш имконини беради».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган эди. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлаган. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.