Париж шаҳар кенгаши Франция пойтахтидаги янги бинолар баландлигини 37 метр ёки 12 қаватгача чеклади, дея хабар бермоқда Euronews. Тақиқ янги урбанизация режасининг (Plan Local d’Urbanisme) бир қисми бўлиб, у шаҳар ичида яшил қурилишни ривожлантиришга қаратилган.

Янги шаҳарсозлик қоидалари, Париж мэри Анн Идальгонинг таъкидлашича, маҳаллий биоиқлим дастурининг бир қисми сифатида жорий этилмоқда, бу шаҳарнинг «ҳарорат кўтарилишига қарамай, келгуси йилларда ҳам жозибали ва ёқимли» бўлиб қолишига имкон беради.

Париж расмийларининг қарорига Herzog & de Meuron томонидан ишлаб чиқилган «учбурчак» Tour Triangle минорасининг қурилиши атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳам таъсир қилди. Уни қурилиш ишлари ўн йилдан ортиқ давом этган суд жараёнлари ва аҳолининг норозилигидан сўнг 2021 йилда бошланган эди.

Ишлар якунига етгач, Tour Triangle Эйфел минораси ва Монпарнас минорасидан кейин шаҳардаги учинчи энг баланд бино бўлади.

1977 йилдан 2010 йилгача Парижда шаҳар биноларининг баландлигини 37 метргача чеклаш амалиёти амалда эди. Бу тақиқ Монпарнас минораси қурилгандан сўнг жорий этилган. 2010 йилда Парижнинг ўша пайтдаги мэри Бертран Деланоэ шаҳарда баландлиги 180 метр бўлган офис миноралари ва 50 метрлик турар-жой биноларини қуришга рухсат берган.

«Бизга энди Triangle ва Duo (Парижнинг 13-округида жойлашган ҳамда баландлиги 180 ва 125 метр бўлган икки минорадан иборат Tours Duo мажмуаси — таҳр.) миноралари керак эмас. Биз Парижни ва унинг осмонини «бетонлаштиришни» тўхтатишимиз керак «, — дея изоҳ берди «Яшиллар» партияси бошқаруви аъзоси Эмиль Менье.